BBC navigation

Россияда ягона Исломий олий таълим жорий этилади

Сўнгги янгиланиш 2 март 2013 - 11:17 GMT

Путиннинг топшириғи ҳукуматнинг диний экстремизмга қарши кураш ҳаракатлари билан боғлиқ тарзда олиб борилади.

Президент Владимир Путин Россия ҳукуматига 2013 йилнинг 1 августигача Ислом тарихи ва маданияти бўйича чуқурлаштирилган таълим лойиҳаларини бакалавр ва магистрлик учун ишлаб чиқиш ва мақсадларни аниқлаб олишни топширган.

Президентнинг бу топшириғи ҳукуматнинг диний экстремизмга қарши кураш ҳаракатлари билан боғлиқ тарзда олиб борилиши айтилган.

Ислом тарихи ва маданиятини чуқур ўрганган мутахассисларни тайёрлаш режаси Россияда 2007 йилдан буён амал қилади.

Бу режа асосида Россияда бир қанча олий ўқув юртлари "исломий йўналиш" бўйича мутахассислар тайёрлайди.

Жумладан, Пятигорск ва Москва тилшунослик университетлари, Қозон ва Нижегород давлат университетлари, Уфа ва Москвадаги ислом университетлари, яқиндан бошлаб Шимолий Кавказ Ислом университети исломий билимга эга философ ва диний уламолар, ҳуқуқшунос, ўқитувчи, сиёсатчи, маданият ходимлари етказиб бериши керак.

Бироқ Ислом этносиёсати муаммолари маркази бошлиғи Денга Холидовнинг айтишича, Россияда ҳозирча исломий мутахассислар учун ягона олий таълим лойиҳаси йўқ.

Унинг билдиришича, ҳар бир ўқув юрти ўз тажрибасидан келиб чиқиб исломий қоидаларни ишлаб чиқмоқда.

Яқин Шарқ институтининг президенти Евгений Сатановскийга кўра, Россия мусулмон олами учун диний уламоларни тайёрлаш ҳозирги асосий муаммолардан. Шу кунгача, дейди у , диний мутахассисларнинг аксарияти Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Тунис, Туркия, Уммон, Қатар каби мамлакатлардаги Ислом олийгоҳларида ўқиб келишмоқда.

Жаноб Сатановскийнинг таъкидлашича, Яқин Шарқ ўқув даргоҳларида исломий радикал оқимнинг таъсири кучли эканлиги сабабли мутахассислар Росссияда тайёрланиши мақсадга мувофиқдир. Бироқ Россиядаги бу соҳа мўлжалланган ўқув даргоҳларида чуқур билимли мутахассислар етишмайди.

Россия Муфтийлар кенгаши раиси Дамир Муҳиддиновнинг айтишича, юқори малакали диний мутахассислар тайёрлаш учун ажратиладиган 100 миллион рублнинг атиги 20 миллиони диний ўқув даргоҳларига , қолгани дунёвий таълим ўқув юртларига берилади. Ажратилган маблағ талабаларни ўқитиш, дарслик олиш ва тажриба алмашувга етмайди.

"Ажратилаётган маблағ, ҳукуматнинг талабига қарамасдан, Россиядаги дунёвий университетлар Ислом таълими бўйича яхши мутахассисларни чиқармайди. Россияда таълим олаётган талабалар хорижда ўқиб келган ёшлардан исломий билимларда анча оқсоқдир",- дейди Дамир Муҳиддинов.

Бундан олдин Россияда "Аль-РТВ" номли илк мусулмон телеканали иш бошлагани, дастурларда асосан Қуръони Карим, Муҳаммад пайғамбар суннати ва ҳадислари борасида маълумотлар бериб борилиши хабар қилинганди.

Россия расмийлари бундай канални очиш истагини Ислом тамойилларини Россия халқига тушунтириш зарурати билан изоҳлашган.

Ислом тарихи ва маданиятига эътибор ошгани айтилаётган эсада, кузатувчилар мусулмонларни таъқиб қилиш ҳоллари Россияда кейинги пайтларда янада кучайганини айтишади.

Масжидлардан юзлаб намозхонларни ҳеч бир сабабсиз ҳибсга олишлар кузатилган.

Ҳуқуқ фаоллари буни Россия ҳукуматининг мусулмонларга қарши сиёсати сифатида ҳам баҳолашади.

Айни пайтда "Эхо Москвы" радиосига интервью берган Москва ҳокими Сергей Собянин пойтахтда ҳеч қандай янги масжид қурилмаслигини маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Москвадаги масжидларга борувчи кишилар Россия фуқаролари эмас, асосан меҳнат муҳожирларидир. "Ўйлайманки, бутун мамлакат бўйлаб барча хоҳловчилар учун масжид қуриб бериш бу энди ҳаддан ташқари нарса",- деб таъкидлаган Москва ҳокими.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.