BBC navigation

Нима учун Британия Москвалик банкирга сиёсий бошпана берди?

Сўнгги янгиланиш 3 март 2013 - 12:05 GMT
Андрей Бородин ва Юрий Лужков

Андрей Бородин ва Юрий Лужков Россияни тарк этишган. Аммо, Лужков жаноблари тез-тез уйига бориб келиши ҳақида айтади

Британия Ички ишлар вазири одатда сиёсий бошпана сўраганларнинг 99% фоизига рад жавобини беради.

Андрей Бородин эса, сиёсий бошпана олиш учун Россияда ўзига сиёсий босим ўтказилганига доир жиддий ва рад этиб бўлмайдиган далиллар келтириши керак эди.

Жума куни Москва Банкининг собиқ раҳбари Андрей Бородин Британиядан сиёсий бошпана олгани маълум бўлди.

Аввалроқ, Британия мулозимлари сиёсий бошпана олингани ҳақидаги хабарларни рад этишган, Бородиннинг ўзи эса изоҳ беришдан бош тортганди.

Би-би-си билан суҳбатда Бородин жаноблари ўз адвокатлари Британия ички ишлар вазирлигига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилгани, бунга сабаб Россияда унга ва унинг ҳамкасбларига нисбатан босимлар сиёсий важларга асосланганини айтди.

Бородинга кўра, босимлар ортида сиёсатчилар, жумладан, собиқ президент Дмитрий Медведевнинг манфаатлари турибди. Айнан Дмитрий Медведев Бородиннинг даъво қилишича, унга қарши босимлар ва тазйиқларни асосий уюштирувчи шахсдир.

Андрей Бородин Россияни 2011 йилнинг баҳорида тарк этган.

Британиялик ҳуқуқшуносларга кўра, Ички ишлар вазирлиги бизнесменни ноқонуний йўллар билан бойлик орттирган муттаҳамдан ажрата олади.

Бошпана сўрайдиган шахс, масалан, унинг обрўсини тўкадиган чиқишларни кўрсатиши, унга нисбатан босим ўтказилганига гувоҳлар кўрсатмасини ва ёки бирор ташкилот ходимларининг ўзига тазйиқ қилганига доир далиллар келтириши лозим.

'Россияда ҳимоя топмайди'

"Адвокат Амнести Интернейшнлнинг ҳисоботларини, гувоҳлар кўрсатмасини ва минтақага доир мутахассис хулосасини Ички ишлар вазирлигига тақдим қилиши керак бўлади", дейди Barar Associates адвокатлик ширкати раҳбари Пэм Бэрар.

Аксарият ҳолатларда Британия ички ишлар вазирлиги бошпана сўраганларга рад жавобини беради. Аммо қочқиннинг далилу исботлари етарли бўлса, бир неча соат ичида сиёсий бошпана мақоми берилиши мумкин.

"Британия муҳожирлик мулозимлари анча консерватив ва ҳозир мамлакатдан бошпана олиш осон эмас, чунки қочқинлар жуда ҳам кўп", дейди Zaiwalla & Co LLP адвокатлик ширкатидан Артур Дедел.

"Британия мамлакат иқтисоди ўсишига ҳисса қўшадиган бадавлат муҳожирларни қабул қилишдан манфаатдор, аммо уларнинг сиёсий бошпана олишлари учун бой ё камбағал эканлари рол ўйнамайди", дейди шу ширкат ходими Зоя Бурбеза.

Россия Ички ишлар вазирлиги эса барибир Москва Банкининг собиқ раҳбарини мамлакатга қайтариш учун ҳаракатларни давом эттириши ҳақида маълум қилган.

Россия Ички ишлар вазирлиги ходимлари Лондонга сафар қилишлари мумкин, аммо Пэм Бэрар назарида, бу билан улар Россиялик бизнесменни на ватанга қайтаришга ва на унинг мақомини ўзгартиришга эришишади. Андрей Бородиннинг мақоми фақатгина Британия Ички ишлар вазирлиги у топширган ҳужжатларда жиддий хатолар бўлсагина қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Сиёсий қарор

Россияда эса Бородин ва унинг ўринбосари Дмитрий Акулинин ноқонуний қарз бериш ва "вазифасини суистеъмол қилиш", "катта миқдорда маблағларни ноқонуний ўзлаштириш"да айбланади.

Гап 12,76 миллиард рублга тенг маблағ ҳақида кетмоқда ва терговчиларга кўра, бу маблағ ноқонуний тарзда "Премьер-Эстейт" ширкатига Москва ғарбидан "Интеко" ширкатидан ер участкасини сотиб олиш учун берилган.

Аммо, 2011 йилда давлатнинг ВТБ банки Москва Банкининг 46,48% фоиз ҳиссаларини сотиб олгач, Марказий банкнинг текширувлари қатор қонунбузарликни ошкор этгани айтилади.

Би-би-си билан суҳбатда эса, Андрей Бородин ўзига қўйилган айблар ортида сиёсий важлар ётганини айтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.