BBC navigation

Президентнинг туғилган куни ярим миллион доллардан ортиқроққа тушди

Сўнгги янгиланиш 5 март 2013 - 11:28 GMT

Йилларки қатор халқаро ташкилотлар рўйхатида "дунёнинг энг ёмон диктаторлари" сафидан ўрин олиб келаётган Зимбабве Президенти Роберт Мугабе 89 ёшлик таваллуд айёмига сарфлаган бунча пулни қаердан олгани маълум эмас.

"Озодлик учун курашган қаҳрамон" ва кейинчалик "қотил мустабид"га айланган Роберт Мугабе ўз туғилган кунини асаса-ю дабдаба билан ўтган шанба куни нишонлаган.

Кончилар шаҳри Биндурада уюштирилган дабдабали базмда хотини, фарзандлари, мулозимларидан ташқари, яна минглаб тарафдорлари ҳам иштирок этишган.

Зимбабве президенти учун оғирлиги нақ 89кг келувчи ва тилла тангалар билан безатилган торт ҳозирланган. Ҳавога 89 та пуфак ҳам учирилган.

Хабарларга кўра, биргина таваллуд айёми тантаналарига кетган сарф-харажатлар қарийб 600.000 АҚШ долларига етган.

Тантаналар арафасида шаҳарда қисқа иш куни эълон қилинган ва бориб, кўчаларини тозалашлари учун одамларга ишдан бир соат олдин жавоб бериб юборилган.

Роберт Мугабе аслида 21 феврал куни туғилган. Аммо, хабарларга кўра, кўпроқ тарафдорларининг дастагини йиғиш учун таваллуд айёмини кечроқ ўтказишга қарор қилинган.

Зимбабвени 1980 йилдан буён бошқариб келаётган Роберт Мугабе бу қадар базму жамшидлар билан бўлажак сайловлар арафасида ўз сиёсий мухолифларини қўрқитиш ниятида эмаслигини ҳам қистириб ўтган.

Жаноб Мугабе яна беш йиллик президентлик ваколатини қўлга киритиш учун шу йил охирига режаланаётган президентлик сайловларида ҳам иштирок этмоқчи.

Минтақада бўлган мухбирларимизга кўра, Зимбабве ҳозир муҳим сиёсий ўтиш даврини бошидан кечирмоқда.

Мамлакатда президентлик сайловлари билан бир қаторда янги конституция бўйича референдум ҳам бўлиб ўтади.

Президентлик сайловлари эса, жаноб Мугабе ва сиёсий рақиби Бош вазир Морган Чангирай ўртасидаги лиққиллаб турган коалицион ҳукуматнинг интиҳосини англатиши мумкин.

Амалдаги иттифоқчи ҳукуматга минтақа давлатлари лидерларининг кучли босими остида 2008 йилда асос солинганди.

Роберт Мугабенинг таваллуд айёми бундан аввал 2009 йилда жуда катта тантаналар билан нишонланганди.

Президентнинг 85 ёшлигини нишонлаш учун кетган сарф-харажатларга Зимбабведаги йирик давлат ширкатлари туриб беришганди.

Дастурхонга эса, қимматбаҳо шампан винолари, қисқичбақалар ва қора икрагача тортилгани хабар берилганди.

Зимбабве жорий пайтда иқтисодий инқироз ичида, айрим хабарларга кўра, январ ойи охирида давлат ғазнасида қолган пулнинг миқдори бор-йўғи 217 АҚШ долларини ташкил этган, холос.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.