BBC navigation

'Россиянинг Афғонистон борасида хавотирлари'

Сўнгги янгиланиш 5 март 2013 - 11:32 GMT

"Қўшма Штатлар Афғонистонда жанговор амалиётларини камайтираркан, Россия унинг муваффақиятсизлигига қувониб эмас, балки ўта хавотир билан қарамоқда", дейилади Ню Йорк Таймсда босилган мақолада.

Оврўподаги Карнеги марказидан Жуди Демпси "Россиянинг НАТОдан кейинги Афғонистон борасида хавотирлари" мақоласида ёзишича, ўз сиёсий иродасига қараб букилмайдиган мамлакатни ортда қолдириш қандай бўлишини Россия яхши билади.

"Совет қўшинлари 1979 йил Афғонистонга кириб келганида Кремл бу уруш қанчалар узоққа чўзилиши, қанчага тушиши ва неқадар ёмон ном чиқариши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди", дейди муаллиф.

Шунингдек, у Совет раҳбари Михаил Горбачев 1989 йил ишғолга барҳам бериш қарорига келгунига қадар кечган жангларда 15 мингдан ортиқ шўровий аскар ва бир миллиондан ортиқ афғон нобуд бўлгани ҳақидаги рақамларни келтиради.

"Энди Афғонистондаги 68 минг қўшинни 2014 йил охиригача уйга қайтариш - Президент Барак Обаманинг навбати", дея давом этади Жуди Демпси.

'Россия Афғонистонга яна бир бор оёқ қўйиш ниятида эмас'

Америка тарафи Афғонистондаги мажбуриятлари моҳияти ўзгариши ҳақида айтаркан, у ерда 10 мингдан ортиқ аскар қолдирмаслигини айтмоқда.

"Айнан мана шу ҳол Россияни хавотирга солади", дейди муаллиф.

"Россия Афғонистон масаласига яна бир бош суқишни истамайди. Аммо, Марказий Осиё республикалари, айниқса, Ўзбекистон НАТОнинг 100 минг нафарлик қўшини ҳозирлиги ниҳоясига етиши билан ўз чегараларининг беқарорлашишидан безовта".

Айни ўринда муаллиф Россия газеталаридан бирида босилган таҳлилга диққат қаратади.

"Афғонистонга қўшни собиқ Шўро республикалари жуда қўрқувда", деб ёзади сиёсий шарҳловчи Михаил Ростовский "Московский Комсомолец" кундалик нашрида чоп этилган таҳлилида.

"Улар ушбу ҳал қилувчи паллада Россия ёнларида бўлишини истайдилар", дейди Ростовский.

Жуди Демпси Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Афғонистон масалаларисига фаолроқ аралашувини хоҳлайдилар, деган фикр билан давом этади.

"Бу эса, Россия истайдиган сўнгги нарса. У НАТО чек қўя олмаган гиёҳванд моддалар савдоси, исёнкорлик ва коррупцияга барҳам бериш вазиятида эмас. Россия бу мамлакатга яна бир бор оёқ қўйишни ният қилмайди", дейди у.

"Бу қанчалар соддадиллик бўлсин ёки йўқ, Россия НАТОнинг ортидан янги ва барқарорроқ Афғон ҳукумати қолишига умид қилади".

"Тарихнинг ўйинига қарангки, НАТО ҳам ҳозир худди шуни орзу қилаётган бўлиши керак", дея хулоса қилади муаллиф.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.