BBC navigation

Суриялик қочқинлар сони 1 миллионга етди

Сўнгги янгиланиш 6 март 2013 - 11:27 GMT

Суриялик қочқинларнинг ярми болалардир

БМТга кўра, Суриядаги можародан қочиб чиққан қочқинлар сони бир миллионга етган. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Сурияга қўшни давлатларда бошпана излаётганлар сони жорий йилда сапчиганини билдирди.

Қочқинларнинг ярми болалардир. Уларнинг аксари 11 ёшга етмаган ва кўрган-кечирганларидан қаттиқ руҳий таъсирланганлар.

Қочқинларнинг энг катта гуруҳлари Иордания, Ливан, Туркия, Ироқ ва Мисрда бошпана излашган.

"Сурия тўлақонли ҳалокат сари силжимоқда. Бу фожеа тўхтатилиши керак", - деди БМТ Олий комиссари Антонио Гутеррес ўз баёнотида.

Можародан қочганларнинг кўпчилиги қийин шароитларда кун кўришмоқда. Уларни кўнгилдагидек санитария шароитлари ва қаҳратон қиш мавсумида иссиқ бошпана билан таъминлаш мушкул бўлган.

Ливанда деярли 300 минг қочқиннинг оқиб келиши мамлакат аҳолиси сонини 10 фоизга оширган.

184 минг қочқинга вақтинчалик бошпана берган Туркия 17та қочқинлар жамлоқларини барпо этган ва ошиб бораётган талаб туфайли янги жамлоқларни қурмоқда. Туркия шу кунгача бу мақсад йўлида 600 миллион доллар сарфлаган.

Сешанба куни Иордания Қироли Абдулла жағон мамлакатларини Иордания, Туркия ва Ливан елкасига тушган "ўта оғир юк"ни бўлишишга чақирди.

БМТнинг Сурия қочқинлари масаласи бўйича ишлаб чиққан режасига биноан, ажратилиши керак бўлган маблағнинг 75 фоизи ҳали йиғилмаган.

Суриядаги можаро деярли икки йил аввал Президент Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши намойишлар билан бошланганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.