BBC navigation

Горбачев: 'Россиядаги қонунлар фуқаролар ҳуқуқларига ҳужумдир'

Сўнгги янгиланиш 7 март 2013 - 10:52 GMT

Горбачев: 'Путиннинг атрофидагилар ўғри ва порахўр'

СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачев яқинда ўзининг 82 ёшини нишонлади.

Томоша қилишmp4

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Собиқ Совет Иттифоқи раҳбари Михаил Горбачев Россияда тасдиқдан ўтаётган қонунларни қоралаган.

Унга кўра, бу қонунлар "фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳужум"дир.

Би-би-си билан суҳбатда Горбачев жаноблари Президент Владимир Путинни "ўз халқидан қўрқмаслик"ка чақиради.

Горбачев жаноблари шунингдек, Путин атрофидаги ички муҳитни танқид қиларкан, у ерда "ўғрилар ва порахўрлар" кўплигини айтади. Би-би-си мухбири аввало, ундан Путиннинг бошқарувидан қанчалар хавотирдасиз, деб сўраган.

Михаил Горбачев: Мен Путинни биринчи муддат президентлик даврида фаол қўллаб-қувватлаганман, ростдан ҳам қилганман бу ишни. Аммо, кейин муносабатларимиз совуқлашди. У яқинда менга туғилган куним билан табрик йўллади, бу нимани англатади билмайман. Бироқ, мен уни жуда кўп марта очиқдан-очиқ танқид қилганман. Баъзида у асабини жиловлай олмайди. Бир марта у: "Горбачевнинг тилини калта қилиб кесиш керак", деди. Мен бунга эътибор бермадим. Менинг сезишимча, у ўта асабий ва хавотирда. Ҳамма нарса кўнгилдагидек эмас. У ўз услубини ўзгартириши керак ва тузумга ислоҳ қилиши керак.

Би-би-си: Россияда амал қилаётган қонунлар тўғрисида нима деб ўйлайсиз?

Михаил Горбачев: Мен қонунларнинг кўплигидан ҳайратдаман. Уларнинг барчасини бирлаштириб турган нарса - улар фуқаролар ҳуқуқларига ҳужумдир. Барака топкур, сиз ўз халқингиздан қўрқмаслигингиз керак. Одамлар президентларидан очиқ, бевосита мулоқотни исташади. Президент бундан ранжимаслиги керак. У Россияни мушкул вазиятдан чиқаришга диққат қаратиши керак.

Би-би-си: Ҳозир Россия қаерга қараб кетяпти?

Михаил Горбачев: Сиз буни улардан, тепадан сўрашингиз керак. Уларда яхшироқ фикр бор. Муаммо ана шунда. Қудратдагилар билан оддий одамлар ўртасида мулоқот йўқ. Шу боис, мавжуд муаммоларимизни ечишимиз қийин. Ва бундай саволларга жавоб бериш қийин.

Би-би-си: Путин билан гаплашасизми? У сиздан маслаҳат сўрайдими?

Горбачев жаноблари Путинни "ўз халқидан қўрқмаслик"ка чақиради

Суратни катталаштириш

Михаил Горбачев: Йўқ, у билан гаплашмаганимизга бир йилча бўлиб қолди. Учрашганимиз ҳам йўқ, қўнғироқлашганимиз ҳам йўқ. Учрашувлар белгиланади, бироқ ҳар доим уларни қолдириш учун баҳона топилади.

Би-би-си: Путинга нисбатан катта таҳдид нима Сизнинг назарингизда? Кўчадан бирон таҳдид борми ёки атрофидаги одамларданми? Чунки, Сизнинг даврингизда - 1991 йил атрофингиздаги одамлар сизни қудратдан ағдаришга ҳаракат қилишганди.

Михаил Горбачев: Унга нисбатан бундай таҳдид йўқ. Унинг атрофидаги одамлар ўзига лойиқ одамлар. Ўзи уларни танлаган ва унинг хоҳишига қараб ишлайди. Аммо, у муҳитни қаранг, ҳатто унинг томонида турган ички муҳит. У ерда шу қадар кўп ўғрилар ва порахўр расмийлар бор! Агар вазият ўзгармаса, Россия худди Арктика уммонидаги муз парчасидек, оғишда давом этади.

Би-би-си: Кўпда сиз "Совуқ уруш"га барҳам берганингиз учун олқиш оласиз. Аммо, АҚШ ва Россия муносабатлари ҳозирда таранглашган. Янги совуқ уруши хавфи бор, деб ўйлайсизми?

Михаил Горбачев: Мен ҳаммаси зўр бўлди, деб ўйламайман. Мен ўтмишни эслатадиган амалларга гувоҳ бўламан ва изоҳларни эшитаман. Мен бир ойдан ортиқроқ шифохонада бўлдим. Ҳатто, ўша ердан ҳам вазият танглашаётгани ва мулоқотлар иш бермаётганини айтишим мумкин. Холисона айтадиган бўлсам, бунга йўл қўйилмаслиги кераклигини икки томон ҳам тушуниб туришади. Америкада, Ғарбда, Оврўпода ҳамма Россиядан қўрқади. Россия ўзидан қўрқмаслик лозимлигини тушунтириш учун яна нимани исботлаши керак? Уруш ва ё маъносиз қарама-қаршиликлар, жанжаллар халқимиз истайдиган охирги нарса

Би-би-си: Кўплаб россияликлар ҳамон сизни СССР қулашига айбдор кўришади. Сиз мамлакатнинг парчаланишига масъулман, деб ўйлайсизми?

Михаил Горбачев: Мен жамиятнинг сиз тилга олаётган қисми ҳақиқатни кўриш учун ёрдамга мухтож эканини қабул қилдаман. Мени кўпда Марказий ва Шарқий Оврўпони қўлдан берганликда айблашади. Аммо, мен уни кимга бердим? Мен Полшани полякларга бердим. Можаристон борасида ҳам шуни айтишим мумкин.

Би-би-си: Эсимда бир йил олдин Россияда ўтган раҳбарларни таъсир кучига қараб поғоналарга қўйиш борасида сўровлар ўтказилганди. Сиз бу сўровларда энг охирги ўринда келгансиз. Сталин Сиздан юқорида эди. Нима учун, нега бундай ҳолат рўй берди, сизнингча?

Михаил Горбачев: Менинг назаримда, аввало, вазият ўзгармоқда, жуда ўзгармоқда. Менинг янги китобим босмадан чиқди ва ҳаммаси сотилди. Одамлардан мактублар оляпман. Улар: "Горбачев қанча босим остида қолмасин, ўз сўзида қатъий туриб,биз учун шунча янги имкониятларни очган бир пайтда нима учун биз қаҳрамонлар излаймиз?", деб ёзишади. Менимча, баркамол ва билимли ёш авлод бугунги манзарани ўзгартирмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.