BBC navigation

Миср маҳкамаси 21 футбол ишқибозига ўлим жазоси берган

Сўнгги янгиланиш 9 март 2013 - 10:19 GMT

Тартибсизликларда полиция билан тўқнашувлар келиб чиққанди.

2012 йил феврал ойида Порт-Саид ўйингоҳида тартибсизликларни келтириб чиқаришда айбланган 21 кишига ўлим жазоси берилиши Миср маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

Яна беш киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бир қанча айбланувчиларга камроқ муддат берилган, баъзилари маҳкама залидан озод қилинган.

Ҳаммаси бўлиб 52 киши маҳкамага юз тутган эди.

Маҳкама қарори Мисрда ўз навбатида янги норозиликларга сабаб бўлган.

Бу сафар хавфсизлик тизимининг қуйи поғоналарида хизмат қилувчи минглаб полициячилар иш ташлаганлар.

Полициячилар намойиши камида 10 вилоятда давом этаётгани айтилади. Хабарларга кўра, кўп бўлинмаларда полициячилар тўлиқ тартибда иш жойларини тарк этишган.

Полициячилар Мурсий ҳукуматини норозилик намойишларини тарқатишга мажбур қилганликда ва ўзларини жиноий жавобгарликдан етарли ҳимоя қилинмаганликларидан норозилик билдиришмоқда.

Полициянинг норозилигини юмшатиш мақсадида Миср хавфсизлик хизмати раҳбари ишдан бўшатилган.

Кўпчилик Порт-Саиддаги ҳодисада полиция тартибсизликларни атайлаб олдини олмаганликда айблайди.

Полиция бу айбловларни рад этган.

Норозилик намойишлари

Ўтган йилнинг феврал ойида маҳаллий "Ал-Масри" гуруҳи ишқибозлари Қоҳиранинг "Ал-Аҳли" жамоасини қувватлашга келганларга ҳужум қилиши оқибатида 74 киши ҳалок бўлганди.

Бу ҳодиса Миср футболи тарихида энг қонли воқеалардан бирига айланган.

Январ ойида судланувчиларга ўлим жазоси берилиши айтилгач, Порт-Саидда полиция билан оммавий тўқнашувлар келиб чиққан, натижада ҳукумат мамлакатдаги уч шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилишига тўғри келганди. Қоҳирадаги тартибсизликларда яна 16 киши қурбон бўлган.

Январда чиқарилган айблов Миср Олий муфийси томонидан тасдиқланди.

Ишқибозлар устидан маҳкама бутун Миср бўйлаб норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Шу боис хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳкама Қоҳирада ўтқазилган.

Судланувчиларнинг Порт-Саиддан кўчирилиши сабаб полиция билан юзага келган тўқнашув пайтида камида етти киши қурбон бўлган.

Порт-Саиднинг кўпчилик аҳолиси маҳкама қарорини сиёсийлашган, адолатсиз ҳукм сифатида қораламоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.