BBC navigation

Президент Карзай АҚШ ва Толибонни одамларни қўрқитаётганликда айблади

Сўнгги янгиланиш 10 март 2013 - 11:46 GMT

Карзай жанобларига кўра, турли портлашлар орқали хавфсизлик кучлари мамлакатни ҳимоя қилишга қодир эмас, деган тасаввур уйғотишга уринилмоқда.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Толибон ва Қўшма Штатларни 2014 йилда хорижий қўшинлар чиқиб кетганидан кейин мамлакатда зўравонликлар кучаяди, деб одамларни қўрқитаётганликда айблаган.

Жаноб Карзай сўзларига кўра, шанба куни Толибон ўз зиммасига олган худкушлик ҳужумидан кўзланган мақсад, АҚШ ва бошқа хорижий қўшинларни Афғонистонда бўлиш муддатини янада узайтиришдир.

"Кобул ва Хостдаги портлашлар билан бизни қўрқитишга, халқаро кучлар Афғонистонни тарк этгач, бу каби ҳодисалар билан доим тўқнаш келишимизни ўйлаб чалғитишга мажбур қилинмоқда",- деб айтган Карзай жаноблари.

"Қўшма Штатлар Қатарда Толибон вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда", деб айтган Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай.

Ўз навбатида Толибон вакили Забиҳулла Мужоҳид бу хабарни рад қилган ва бу борада ҳали илгарига силжиш кўринмаётганини билдирган.

Жаноб Карзайга биноан, Толибоннинг нуфузли раҳбарлари ва АҚШ вакиллари Форс кўрфазида мулоқот қилиб турипти.

Президент Карзайнинг Афғон аёллари куни муносабати билан қилган чиқиши маҳаллий телевидение орқали намойиш этилган.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларининг қўмондони генерал Жозеф Данфорд жаноб Карзай ўзига ҳеч қачон бундай фикрни айтмаганини билдирган.

"Биз ўтган 12 йил давомида шунчалик қаттиқ жанг қилдик, биз ўтган 12 йил мобайнида шунча кўп қон тўкдик. Шундан кейин ҳам зўравонлик ёки беқарорлик бизнинг фойдамизга бўлади, деб ўйлаш қийин", деган айтган хорижий қўшинлар қўмондони генерал Данфорд.

Жаноб Карзай АҚШнинг янги Мудофаа вазири Чак Хейгел Кобулда бўлиб турган пайтда Америка ва Толибонни айблаб чиққан.

Шу куни Президент Карзай ва АҚШ Мудофаа вазири Чак Хейгелнинг қўшма матбуот конференцияси мўлжалланган эди.

Бироқ қўшма матбуот анжумани бекор қилинган.

Афғонистон президенти саройидан айтишларича, бунинг сабаби Президент Карзай маъмурияти ва АҚШ расмийлари ўртасидаги музокараларда тинч фуқаролар ўлими, Багром қамоқхонаси назоратини топшириш ва АҚШ Махсус кучларининг Вардак вилоятидаги амаллари юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар сабаб бўлган.

АҚШ расмийлари айтишларича, матбуот анжумани бекор қилинганининг сабаби "хавфсизлик хавотирлари" бўлган, Президент Карзайнинг охирги баёноти эмас.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.