BBC navigation

Хитой раҳбарияти Си Цзинпинни мамлакатнинг янги президенти этиб сайлади

Сўнгги янгиланиш 14 март 2013 - 12:17 GMT

Си Цзинпинни Хитой матбуоти халқдан чиққан одам деб таърифлайди.

Пекинда тўпланган Хитой раҳбарияти Си Цзинпинни Хитойнинг янги президенти этиб сайлаганлар. Бу билан мамлакатда 10 йил давом этган қудрат алмашиши жараёни ниҳоясига етган.

Жаноб Си ўтган йил ноябрида бўлиб ўтган Хитой Коммунистик партияси Бош котиблигига сайланган, шунингдек, мамлакат Марказий Ҳарбий кенгаши раиси этиб тайинланган эди.

15 март куни Хитой Бош вазири Вен Цзябао ўрнига ҳам янги бош вазир сайланиши кутилмоқда.

Шу кунларда Хитой парламенти - Бутунхитой Миллий Халқ кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда, Пекиндаги Буюк Саройда йиғилган 3000 тача халқ вакили Хитой Халқ Республикаси Раиси лавозимига Си Цзинпин номзодини маъқуллаб овоз берганлар.

59 ёшли жаноб Си Хитой инқилоби фахрийларидан бирининг ўғли.

У Хитойнинг асосий қарорларни қабул қиладиган Доимий қўмитаси аъзолигига тайинланишидан олдин Чжецзян вилояти ва Шанхайдаги партия раҳбарлиги лавозимларида фаолият юритган.

Жаноб Си Компартия раҳбарлигига тайинланганидан кейин Хитой матбуоти уни халқдан чиққан одам сифатида намоён этиб келади, унинг ўзининг юқори лавозими имкон берадиган қулайликлардан фойдаланишни ёқтирмаслиги тилга олинади.

Си Цзинпин мамлакатдаги ҳамма даражадаги коррупцияни таг-туби билан йўқотиш кераклигини таъкидлаб келади ва мамлакат раҳбариятининг шоҳона яшаши учун яратилган шароитлар чекланмаса, халқ ғалаёнлари келиб чиқишидан огоҳлантирган.

У ўзининг илк мурожаатида Хитой Коммунистик партияси олдида ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб мураккаб вазифалар турганлигини айтган.

Асосий муаммолар сифатида жаноб Си “айрим партия аъзоларининг коррупция ва порахўрликка аралашганлари, оддий халқдан узилиб қолганлари, расмиятчилик ва бюрократияга ортиқча урғу берилиши”ни тилга олган.

Пекинда йиғилган халқ вакиллари эртага жума куни Бош вазир Вен Цзябао ўрнини эгаллайдиган шахс учун ҳам овоз берадилар.
Кўпчилик Хитойнинг янги бош вазири Ли Кецян бўлади, деган фикрда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.