BBC navigation

Си Цзинпин 'Хитой халқининг буюк қайта тикланиши' учун курашмоқчи

Сўнгги янгиланиш 17 март 2013 - 14:31 GMT

Президент Си Цзинпин Хитой халқининг буюк ренессанси учун курашга ваъда берган.

Хитойнинг янги сайланган Президенти Си Цзинпин давлат раҳбари сифатида илк бор маъруза қилган, бу маърузасида жаноб Си "Хитой халқининг буюк қайта тикланиши" учун курашишини айтди.

Президент Си Цзинпин мамлакатнинг энг юқори раҳбарларини ўзгартирган Умумхитой халқ мажлисининг ёпилиш маросимида гапирган.

Шу ҳафта давомида бутун мамлакатдан йиғилган 3000 халқ вакили Хитойнинг янги президенти, бош вазири, ташқи ишлар ва молия вазирлари, бош вазирнинг бошқа ўринбосарлари номзодларини тасдиқлади.

Шу билан Хитой Коммунистик ҳукуматининг 10 йиллик ўтиш даврига якун ясалган.

Президент Ху Жинтао ўрнини Си Цзинпин, бош вазир Вен Цзябао ўрнини Ли Кецян эгаллади.

Хитойнинг янги ташқи ишлар вазири этиб Ван И тайинланди.

Би-би-си мухбири Мартин Пейшенсга кўра, Президент Си Цзинпиннинг 17 март кунидаги нутқи ватанпарварлик руҳига суғорилган бўлган.

Жаноб Си Хитой халқини буюк миллий бирдамликка чақирган.

У Пекинда йиғилган халқ намояндаларини ҳашаматли турмуш тарзидан воз кечишга ва коррупцияга қарши курашишга даъват этди.

"Ҳукумат тозалашни ўзидан бошлаши керак", деб айтган Хитойнинг янги Бош вазири Ли Кецян.

Президент Син Цзинпин Хитой ҳарбийларига мурожаат қилиб, ўзларининг ҳарбий қудратларини оширишга чақирган.

Ҳарбий қобилиятнинг оширилиши "жангларда ғалабага эришиш ва мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш" учун зарурлигини таъкидлаган янги раҳбар.

Президент Си Цзинпин иқтисодий ўсиш бундан кейин ҳам Хитой ҳукумати олдидаги ҳаётий аҳамиятга эга масала бўлишини айтган, у халқни "Хитой орзуси"га эришиш учун курашга чақирган.

Хитой сиёсатчиларининг матбуот анжуманлари камдан-кам ташкил этилади.

Бироқ халқ вакиллари мажлисидан сўнг Хитойнинг янги Бош вазири Ли Кецян мухбирлар билан учрашган.

Матбуот анжуманида ҳам жаноб Ли янги ҳукумат олдидаги устувор вазифа иқтисодий ўсиш бўлишини айтган.

Бош вазир Ли Кецян жамиятдаги бойлар билан камбағаллар орасидаги фарқни камайтириш, одамларни ғазабга келтираётган коррупцияни жиловлаш муҳимлигини айтган.

Жаноб Ли ҳукуматнинг ортиқча харажатлари қисқартирилиши, хорижий сафарлар камайтирилишини, янги маъмурий идоралар камайтирилиб, ижтимоий хизматлар учун маблағ кўпайтирилишини айтган.

"Ҳукумат тозалашни ўзидан бошлаши керак", деб айтган Хитой Бош вазири Ли Кецян.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.