BBC navigation

Владимир Путин: Қибрисда банк депозитларига солиқ солиш адолатсизлик

Сўнгги янгиланиш 18 март 2013 - 11:03 GMT

Ҳукуматнинг банк маблағларига солиқ солиш қарори одамлар орасида ваҳимага сабаб бўлган.

Қибрис ҳукуматининг Оврўпо Иттифоқининг талабига биноан банк депозитларига солиқ солиш қарорини Россия Президенти "адолатсиз, жиддий ўйланмаган, хавфли қадам бўлади" деб айтган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевга кўра эса Қибрис ҳукуматининг тутаётган йўли "жуда ғалати" ва "баҳсли" ҳисобланади. "Очиғини айтганда бу бировнинг пулини ўзлаштиришдан бошқа нарса эмас", деган жаноб Медведев.

Банкдаги маблағларга солиқ Қибрисга ваъда қилинган 10 миллиард евро (13 миллиард доллар) ёрдам беришнинг асосий талаби ҳисобланади.

Бундан келиб чиқиб, 100 минг евро маблағга 6,75 фоиз, 100 минг евродан ошиқ маблағга 9,9 фоиз солиқ солиниши кўзда тутилади.

Банк депозитларига бу тариқа солиқ солиниши Оврўпо мамлакатларининг Қибрисга ажратилган кўмак пулларини Қибрис банклари маблағларини сақлаётган хорижликлар, жумладан россияликлар қўлига тушиб қолиши ҳақидаги хавотирлари боис киритилгани айтилган.

Der Spiegel немис нашри ўтган йили хабар беришича, россиялик бизнесменлар Қибрис банкларида 26 млрд доллардан ортиқ солиқдан яширилган пулларини сақлашади.

Қибрисда нималар бўлмоқда?

Қибрисдаги иқтисодий инқирозга Оврўпода бошланган инқирознинг давоми сифатида қаралмоқда.

Кузатувчиларга кўра, кичкина орол ўзининг муаммолари билан ўтган йилдан буён ёлғиз қолган.

Мамлакат иқтисоди Греция иқтисодига қаттиқ боғлангани сабабли у ерда бошланган муаммолар Қибрисга ҳам етиб келди.

Мамлакат хазинасида нафақа ва ёрдам пулларини тўлашга маблағ йўқ. Ташқи ёрдамсиз мамлакат иқтисоди бир неча ҳафталар ичида барбод бўлиши бонг урилмоқда.

Оврўпо Иттифоқи билан кўмак борасидаги музокаралар ўтган йилнинг ёзида бошланган бўлса ҳам, ўтган ҳафтанинг охирида бу борада бир қарорга келинди.

Мамлакатда одамлар ваҳимага тушган. Нима қилишни билмаган одамлар банкдаги рақамларидан зудлик билан пулларини суғуриб олишга интилишмоқда. Бироқ аксарият банкоматлар аллақачон ўз фаолиятини тўхтатган, бошқалари эса бир олишда 600 евродан ортиқ пул бермаётгани ҳам одамларнинг ваҳимасини кучайтириб юборган.

Россияликларнинг хавотири

Эълон қилинган солиқ айниқса россиялик бизнесменларнинг хавотирига сабаб бўлган. Россия ширкатлари бу вазиятда Қибрисдан чиқиб кетиши кучайиши айтилмоқда.

Қибрисда оддий фуқароларнинг қанча пуллари борлиги номаълум.

"Маблағини хориж банкларида яшириш - бориб турган бемаъниликдир,- дейди Россия банклари ассосиацияси раҳбари Гарегин Тосунян.

Унинг айтишича, Россия рубли охирги ўн йилликдаги энг барқарор валюта ҳисобланади. Шунингдек Россия банклари ҳам, деб айтган жаноб Тосунян.

Айни пайтда, Қибрис банкларидаги маблағларга солиқ солиш ҳақидаги қарор қабул қилиниши учун парламентда битта овоз етмай турибди.

Қибрис ҳукумати мамлакатдаги банкларни очилишини 19 мартдан 20 мартга қолдирган.

Якшанба куни Қибрис Марказий банки барча банкларга ҳар қандай пул муомалаларини тўхтатиб туришни буюрган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.