BBC navigation

Бағдоднинг шиалар яшовчи мавзеларида кучли бомба портлашлари юз берди

Сўнгги янгиланиш 19 март 2013 - 09:28 GMT

Портлашларда асосан шиалар яшайдиган мавзелар нишонга олинган

Ироқ расмийларига кўра, пойтахт Бағдоднинг асосан шиалар яшовчи мавзеларида машиналарга ўрнатилган бомбаларнинг портлаши оқибатида камида 21 инсон ҳалок бўлган.

Полиция манбаларининг Би-би-сига маълум қилишларича, 100 нафарга яқин инсон жароҳат олган.

Мазкур бомба ҳужумлари АҚШ бошчилигидаги иттифоқчи кучлари томонидан Ироқнинг ишғол этилганига роппа-роса ўн йил тўлган кунда юз берган.

Мамлакатда зўравонликлар кескин озайган, бироқ сунний гуруҳларининг қуролли қаршилиги ҳамон давом этмоқда.

Расмий хабарларга кўра, Ироқда ҳар ой 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлади.

Душанба куни, расмийлар хабарига кўра, ҳаммаси бўлиб 10та машина портлатиб юборилган.

Уларнинг айтишича, машинага ўрнатилган бомбалар асосан Бағдодда юз берган бўлса, бир интиҳорий ҳужум ва яна бир неча портлаш пойтахт жанубида содир этилган.

Полициянинг қўшимча қилишича, шимолий Киркук шаҳрида учта портлаш юз берган.

Франс Пресс ахборот агентлиги маълум қилишича, бомба ҳужумлари Бағдодда хавфсизлик чоралари кучайтирилган бир пайтга тўғри келган.

Шаҳарда бир неча қўшимча текшириш нуқталари ўрнатилган.

Полиция маълумотига кўра, бир соат оралиғида юз берган бомба ҳужумларида кўча ресторанлари, мардикорлар тўпланадиган жойлар ва автобус бекатлари нишонга олинган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким олганлиги маълум эмас, аммо ал-Қоида тармоғининг Ироқдаги бўлинмаси - Ироқ Исломий Давлати - шу йил қатор ҳужумларни содир этди.

Нури ал-Маликий раҳбарлигида шиалар етакчилик қилаётган ҳукуматни кучсизлантиришга уринаётган сунний исёнчилари одатда давлат идоралари ва мулозимларини ҳадафга олишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.