BBC navigation

Президент Обама Исроилга илк сафарини бошламоқда

Сўнгги янгиланиш 20 март 2013 - 10:43 GMT

Президент Обама Исроил ва Фаластин бош вазирларини тинчлик музокараларини қайта бошлашга ундаши кутилмоқда

Барак Обама Исроилга сафарини бошламоқда.Бу унинг АҚШ Президенти сифатида яҳудий давлатига илк ташрифидир.

Жаноб Обама Исроил мулозимлари билан Эроннинг ядровий дастури, Суриядаги вазият ҳамда фаластин-исроил музокараларини қайта бошлаш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Журналистларга кўра, ҳозирда исроилликларни фаластинликлар билан музокаралардан ҳам кўра кенгроқ маънодаги Яқин Шарқдаги вазият безовта қилмоқда.

Фаластин билан тинчлик музокаралари 2010 йилда яҳудий келгиндилари мавзеъларининг қурилиши туфайли тўхтаб қолган эди.

Уч кунлик ташрифи давомида жаноб Обама Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ҳамда Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан музокаралар олиб боради.

Президент Обаманинг Бош вазир Нетаняху билан муносабатлари жуда совуқ.

Яқинда ўтказилган омма сўрови натижаларига кўра, исроилликларнинг бор-йўғи 10 фоизи АҚШ Президенти ҳақида яхши фикрда.

Жаноб Обама ташриф чоғида Исроил жамоатчилиги олдида нутқ сўзлаши кутилмоқда, бундан кўзланган мақсад унинг исроиллликлар олдидаги имижини яхшилаш экани айтилади.

Би-би-си мухбирига кўра, бу АҚШ Президентига Исроил ҳукуматига кўпроқ таъсир ўтказиш имконини беради.

Ўтмишдаги АҚШ президентларидан фарқли ўлароқ, Президент Обама Исроил парламенти- Кнессетда эмас, балки Қуддуси Шарифнинг асосий анжуманлар маркази бўлган "Биняней ха-Ума" да нутқ сўзлашни маъқул кўрган.

Исроил Бош вазирининг идорасига кўра, АҚШ Президентининг ташрифига "Unbreakable Alliance"-"Бузилмас Иттифоқ" код-номи берилган.

Намойишлар

Сешанба куни Рамаллаҳ ва Байтуллаҳмда тўпланган фаластинлик намойишчилар Обаманинг ташрифига норозилик билдиришган.

Улардан баъзилари АҚШ президентининг суратларига пойафзалларни отишган, бошқалари эса унинг портретларини машина билан босиб ўтганлар.

Намойишчилардан бири Ҳувайдо Арраф Рейтер агентлиги билан суҳбатда жаноб Обаманинг ташрифи "юзга тортилган тарсаки" деб атаган.

"Одамлар Обаманинг президент сифатида ҳозиргача қўл қовуштириб ўтирганидан ғазабдалар, Исроилнинг ишғолига ёрдам эса давом этмоқда", - деган фаластинлик намойишчи.

Айни пайтда Қуддуси Шарифда тўпланган исроиллик намойишчилар жаноб Обамадан 1987 йилда Исроилга жосуслик қилишда айбланиб, маҳкум этилган Жонатан Поллардни озод этишни талаб қилганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.