BBC navigation

Ўтган йил бошпана сўровчилар сони кескин ортган

Сўнгги янгиланиш 21 март 2013 - 09:36 GMT
Афғонистонликлар айни масалада ҳамон пешқадамлик қилмоқда

Афғонистонликлар айни масалада ҳамон пешқадамлик қилишмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигига кўра, саноатлашган мамлакатлардан ҳимоя сўраб мурожаат қилганлар сони ўтган йил кескин ортган.

Женевада эълон қилинган рақамларга биноан 2012 йилнинг ўзида қарийб 480, 000 киши 44 давлатга бош урган. Бу эса, ундан олдинги йилга қараганда 8 фоизга кўп деганидир.

Билдирилишича, бошпана изловчилар билан боғлиқ энг кўп рақамлар Оврўпо мамлакатлари ҳисобига тўғри келади.

Би-би-си мухбирига кўра, мазкур ҳолатга "эски ва янги урушлар" сабаб қилиб кўрсатилади.

Ва Афғонистон айни масалада ҳамон пешқадамлик қилмоқда.

Ўтган йил 36,000дан ортиқ афғонистонлик ривожланган давлатларга ҳимоя излаб борган.

Оврўпо ва ё Қўшма Штатларга бош урган сурияликлар сони 25, 000га етаркан, айни масалада Сурия иккинчи ўринни эгаллаган.

Бироқ, БМТ қочқинлар агентлиги иқтисодий муаммолар, бюджет сарф-харажатларидаги қисқартиришлар бошпана сўровчилар аризалари рад этилиш эҳтимолларини оширишидан хавотир билдиради.

"Мазкур масала бизнинг катта хавотиримиз. Можаролар пайти сиз бошпана сўровчилар қўллаб-қўлланишини, жон сақлаш илинжида қочганларга эшиклар ёпилмаслигини истайсиз. Айни паллада халқаро бошпана бериш тизимини сақлаб турилиши ўта муҳим", дейди БМТ қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги воизи Адриан Эдвардс.

Баъзи Оврўпо давлатлари бошпана излаб мурожаат қилганлар сони кескин ортган мамлакатлар сирасига киради. Масалан, Олмонияда бу рақам 41 фоизни, Швецияда 48 фоиз, Швецарияда эса, 33 фоизни ташкил қилган.

Бунинг акси ўлароқ, Британия ва Франциядан ҳимоя сўраб бош урганлар сони бор-йўғи 6 фоизга кўтарилган.

Ривожланган давлатлардаги бошпана сўраётган инсонлар сони ортаётгани айтилса-да, улар жами ярим миллиондан камни ташкил қилади. Бу қуролли можаролар туфайли ўз ватанини ташлаб чиқаётган қочқинлар сони билан солиштирганда анчайин кам деганидир.

Масалан, ўтган йил Суриянинг ўзидан қўшни Иордания, Туркия ва Ливан каби давлатларга бир миллиондан ортиқ инсон қочиб ўтган.

Улар ўз уйларига яқинроқ бўлиш ва имкон туғилиши билан тезроқ ортга қайтишга умид қиладилар. БМТ эса, қочқинлар билан боғлиқ инқироз аслида айнан шу мамлакатларда эканини айтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.