BBC navigation

Бирма: Мейтила шаҳрида фавқулодда ҳолат давом этмоқда

Сўнгги янгиланиш 24 март 2013 - 12:22 GMT

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакили Бирмадаги зўравонликлар юз берган Мейтила шаҳрига борган.

Мейтилада буддойилар ва мусулмонлар ўртасида бир неча кун давом этган қонли тўқнашувларда расмий хабарларга кўра камида 32 киши ўлдирилган эди.

Бироқ маҳаллий фаоллар қурбонлар сони бундан тўрт баробар кўп бўлиши ва асосан мусулмонларни ташкил қилишини айтишади.

БМТ вакили Виджай Намбир шаҳардаги уй-жойлар, дўкон ва масжидларни вайронага айлантирганлар топиб, жазоланиши кераклигини таъкидлаган.

Мейтилада яшовчи мусулмон озчиликлар ҳужумларнинг асосий нишони бўлишган. Зўравонликлар буддойилар ва тилла буюмлар сотиладиган дўкон эгалари ўртасидаги баҳсдан келиб чиққан.

Айни пайтда минглаб мусулмонлар вақтинчалик жамлоғларда жон сақлашмоқда.

Куйиб кетган кўплаб жасадлар ҳали ҳам йўл четида ётибди, деб хабар беради Рейтер агентлиги.

Бирма ҳукуматининг жума куни шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилганидан кейин юзлаб аскарлар вазиятни назорат қилишга жалб этилган.

Мухбирларга кўра, бўлиб ўтган зўравонликлар буддойилар билан мусулмон озчиликлар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг тобора чуқурлашиб бораётганини кўрсатади.

Мамлакатда ҳукм сурган 49 йиллик ҳарбий диктатура пайтида миллий низолар бостириб келинган.

Аҳоли ҳарбий ҳолатни маъқуллаган. "Ҳатто мен буддойи бўлсам ҳам ўзимни хавфсиз сезмайман. Чунки мен мусулмонлар ичида яшайман ва мени ҳам ўлдиришлари мумкин", дейди маҳаллий аҳолидан бири.

Мусулмон Зай Мин Хтай жорий қилинган фавқулодда ҳолатни ёқларкан, ҳукумат нега уч кун қараб турганини тушунмаслигини айтади. "Улар олдинроқ чора кўрганларида камроқ қурбон бериларди ва биз тезроқ тинчликка эришган бўлардик", деб айтган у.

Бошқа мусулмон кишига кўра, полиция зўравонликларни тўхтатиш учун етарли ҳаракат қилмаган.

Мянмада 60 миллион аҳолининг тўрт фоизини мусулмонлар ташкил этиши хабар қилинади.

Ўтган йили Мянманинг ғарбидаги Ракхайн шаҳрида ҳам қонли тўқнашувлар юз берган, натижада расмий ҳисобларга кўра, 110 киши ўлдирилган, 120 минг одам уйсиз қолган, уларнинг аксарияти рохингалик мусулмонлар эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.