Хитойда 20 уйғур бўлгинчиликда айбланиб узоқ йилларга қамалди

Image caption Хитой ҳукумати этник уйғурларга нисбатан тазйиқларини бўлгинчилик, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш билан оқлайди.

Хитой маҳкамаси 20 этник уйғурни Шинжон-Уйғур мухтор вилоятида терроризм ва бузғунчилик кайфияларини уйғотганликда айблаб турли муддатлардан токи бир умрлик қамоқ жазосигача маҳкум этган.

Хитой ахборот воситаларининг ёзишича, судланувчилар маҳаллий аҳоли орасида Шарқий Туркистон мустақиллиги учун курашадиган Пекин Ислом ҳаракати ҳақидаги маълумотларни тарқатган. Ҳаракатнинг қувғиндаги аъзоларига кўра, маҳкама чиқарган қарор Хитой ҳукуматининг мамлакатдаги мусулмонларнинг ҳуқуқларини паймол этаётганининг ёрқин мисолидир.

Уларга биноан, 20 маҳкум бор-йўғи хориж радиоларини эшитишгани ва танишларига видеороликлар жўнатгани учун озодликдан маҳрум этилганлар.

Март ойининг бошида Шинжоннинг Корла шаҳрида мусулмон уйғурлар ва ханлар ўртасидаги тўқнашувлар вақти тўрт киши ўлган, ўнлаб кишилар яралангани айтилганди.

Бу воқеага алоқадорликда айбланиб ўнлаб уйғурлар ҳибсга олинган.

Бутун Жаҳон Уйғурлар Конгрессининг билдиришича, Корладаги ҳодиса шунчаки "бахтсиз ҳодиса" эмас, бу ҳукуматнинг Шинжондаги мусулмон уйғурларга нисбатан репрессив сиёсатининг давомидир.

Шинжон уйғурлари

Шинжоннинг қариийб ярим аҳолиси туркий тилга мансуб, маданий ва этник алоқалари Марказий Осиёга боғлиқ уйғурлардир.

Хитой ҳукумати Шинжонда радикал мусулмонлар томонидан ташкил қилинган уюшган террористик гуруҳлар борлигини айтиб келади.

Расмий Пекин этник уйғурларга нисбатан тазйиқларини бўлгинчилик, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш билан оқлайди.

Уйғур фаоллари эса минтақада ҳукуматнинг шафқатсиз бошқарувидан норозиликларини билдиришади.

Шинжон бўлгаси пойтахти Урумчи ўтган асрнинг 90 йилларида этник зўравонликларга саҳна бўлган.

2009 йилда ҳам ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган тўқнашувларда расмий маълумотларга кўра, 200 одам ҳалок бўлган ва 1700 киши яраланган.

2009 йилда Урумчида йирик этник қатлам ҳисобланган мусулмон уйғурлари ва хитой ханлари ўртасида келиб чиққан тартибсизликлардан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

2011 йил июлидаги тўқнашувларда 32 киши ҳалок бўлган.

Амнести интернешэнл ташкилотига кўра, Хитой ҳукумати бу ҳодисага алоқадорликда 1000дан ортиқ киши, асосан мусулмон уйғурларни ҳибсга олган.

Бу мавзуда батафсилроқ