Виталий Кличко: менинг орқамда олигархлар йўқ

Image caption Сўровларга кўра, Виталий Кличконинг Украина президенти бўлиши тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилади.

Машҳур боксчи ва Украина мухолифати раҳбарларидан бири Виталий Кличко Би-би-сига берган интервьюсида 2015 йилда бўладиган президентлик сайловларида ўзининг қатнашиши ҳақида гапириш ҳали эрталигини айтган.

Украина парламентида депутатлар сони бўйича учинчи бўлган "Удар" партиясининг етакчиси Лондондаги ташрифи пайти ўзининг сиёсий амбициялари ортида ҳеч қандай олигархлар турмаганини таъкидлаган.

Би-би-си: Охирги сўровларга қараганда, сиз президентликка номзодингизни қўйган тақдирингизда, Украинадаги сиёсий мухолифат раҳбарлари орасида имкониятингиз энг катта экан. Сиз президентлик сайловларида қатнашишингиз мумкинми?

Виталий Кличко: Президентлик сайловлари 2015 йилда бўлиб ўтади. Унгача эса бу борадаги барча гаплар шунчаки олди-қочди бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун бу ҳақда ҳозир гапиришдан маъни йўқ деб биламан.

Олигархларсиз

Би-би-си: Украина ва Россия оммавий ахборот воситалари сизнинг номзодингизни кўпгина украиналик олигархлар қўллаб-қувватлашлари мумкинлиги ҳақида ёзишади. Балки улар сизнинг партиянгизни айни пайтда ҳам қандайдир дастаклашар? Ўзингиз буни қандай изоҳлайсиз?

Виталий Кличко: Мен буни изоҳлай олмайман. Мен ҳамма билан муомала қилишим мумкин- мен ҳеч қачон ўзим билан одамлар орасига тўсиқ қўймаганман- шунингдек кўпгина таниқли , яъни айтишганидек олигархлар билан ҳам танишман. Ҳозирги пайтда барча украиналиклар, жумладан катта бизнес бир нарсани талаб қилади: ҳамма учун бузилмайдиган, аниқ белгиланган қонун ва тартиблар зарур. Бироқ афсуски, Украина дунёда коррупция ривожланган давлатлардан бири сифатида маълум. Яъни қонунларни бериладиган пулнинг миқдорига қараб судда ва бошқа жойларда хоҳлаганча айлантириш мумкин.

Жумладан, катта кўчмас мулк, ҳиссаларга эга олигархлар ҳам ҳокимиятнинг ўзгариши ўзлари учун катта таваккалчилик эканини яхши билишади. Шундайки, эски олигархлар ўрнини бошқа ҳукумат келгач, янгилари эгалайди, олдингилари эса ҳиссаларини йўқотишади. Шунинг учун бадавлат одамлар ҳам ўзгармайдиган тартиб-қонунлар тарафдорилар. Мен буни бир неча олигархларнинг ўзидан эшитганман.

Би-би-си: Яъни, улар сизнинг партиянгизни молиявий томондан қувватламайдими?

Виталий Кличко: Бизнинг сиёсий партиямиз орқасида ҳеч қандай олигархлар йўқ.

Image caption Ака-ука Кличколар профессионал бокснинг оғир вазнида етакчи ҳисобланади.

Форманнинг рекордларидан ўзмоқчи эмасман

Би-би-си: Сизни дунёда энг аввало таниқли, омадли спортчи сифатида билишади. Сиз қандай қилиб спорт ва сиёсий фаолиятингизни бирга олиб бормоқдасиз? Бу сизнинг депутатлик мандатингизга халақит қилмайдими? Ва яқин орада профессионал спорт билан хайрлашиш ниятингиз борми?

Виталий Кличко: Яқин орада менинг жангим режалаштирилмаган. Спорт карьерамни тугатиш ҳақида қарор берсам, бу ҳақда албатта спорт мухлисларига маълум қиламан. Спорт абадий эмас. Мен ҳам ёш эмасман, бу йил 42 га кираман. Мен 46 ёшда чемпион бўлган Жорж Форманнинг рекордларини урмоқчи эмасман. Ҳозир менинг ҳар куним жанг кетаётгандек, яъни бу жанг Украина сиёсатида кетмоқда, ва бу ерда аниқки, спортдаки каби яхши командангиз бўлиши лозим. Ва албатта ўзингиздаги энг яхши сифат ва имкониятларни ишга солишингиз керак бўлади, мен спортда фойдаланганимдек, жамоа тузиш қобилияти, мақсад сари интилиш, масъулият, тиришқоқлик, ўжарлик ва бошқалар. Бу нарсалар спортда мени юқори чўққиларга олиб чиқишга кўмаклашди. Сиёсатни, айниқса Украина сиёсатини спорт билан солиштиришнинг асло иложи йўқ. Чунки спортда тартиб бор, Украина сиёсати тартиб-қоидадан холи. Агар уни барибир бокс билан солиштириш керак бўлса, мен уни қоидасиз жангга қиёслаган бўлар эди. Жуда хоҳлардимки, агар биз Европа давлати бўлишга даъвогар эканмиз, аниқ белгиланган, ҳеч қачон ўзгармайдиган қонунларга эга бўлишни. Ва албатта Украина сиёсатига янги тартиб-қоидаларни олиб киришни.

Би-би-си: Виталий, сиз спорт билан бирга бизнесни ҳам олиб борасиз. Мамлакатда ва хорижда промоутерлик компаниянгиз бор. Реклама ва жанглардан фойда оласиз. Шу билан бирга украиналик депутатсиз. Айтингчи, солиқни қаерга тўлайсиз?

Виталий Кличко: Мен солиқни Украинага тўлайман, шунингдек, қаерда фаолият олиб борсам, қаерда пул топсам ўша ерга тўлаб бораман.

Бу мавзуда батафсилроқ