Суд-экспертиза текшируви: Березовскийнинг бўйнида арқон бўлган

Image caption Березовский уйи полиция назоратида қолмоқда.

Виндзор қалъасида Борис Березовскийнинг ўлими юзасидан расмий суд тиббий экспертиза тинглови бошланган.

Биринчи мажлисда икки гувоҳга сўз берилган.

Темз-велли округи полиция бўлими бош инспектори Том Уистлнинг кўрсатма беришича, Березовскийнинг жасади ваннадаги ерда ётган ва унинг бўйнида арқон бўлган.

Шунингдек Том Уистл шундай арқон бўлаги ваннанинг юқорисига ҳам уланганини кўрган.

Бироқ тергов органлари марҳум зўрлик билан ўлдирилиши тахминини ҳам истисно қилмаяпти.

Ҳозирча, инспекторнинг сўзларига кўра, бизнесменнинг шубҳали тарзда ўлгани ҳақида далиллар йўқ. Қотиллик тахмини ҳамма муҳим текширувлар ўтказиб бўлингач, олиб ташланиши мумкин.

Расмий текширув жараёнида Борис Березовский Платон Еленин сифатида қайд этилмоқда.

Суд тиббий экспертиза тингловида олигархнинг дўстлари ва журналистлар иштирок этишган.

Image caption Борис Березовский ўлимидан олдин яқин дўстларидан бирига ўз жонига қасд қилиш ҳақида гапирган.

Бўйиндаги арқон

Инспектор Том Уистлнинг айтишича, кундузи 15 20да тез ёрдамга қўнғироқ бўлган.

Воқеа жойига келган тиббий ходимлар ваннада ётган эркак жасадини кўришган.

25- мартда жасадни текшириш хулосасига кўра, Березовский 23- март эрталаб соат 9: 30 да вафот этган.

Суиқасд?

Ўлимидан олдинроқ Борис Березовский яқин дўстларидан бирига ўз жонига қасд қилиш ҳақида гапирган. Бу ҳақда унинг дўсти Би-би-си мухбирига айтиб берган.

Бироқ дўсти ўшанда Березовскийнинг сўзларини жиддий қабул қилмаганини айтган. Шунингдек дўсти Березовский ўлимидан олдин антидепрессантлар қабул қилганини тасдиқлаган.

Борис Березовскийнинг уйи тергов ишлари тўлиқ тугамагунича полиция назоратида бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ