Гаага маҳкамаси босниялик сербларнинг икки собиқ раҳбарига ҳукм чиқарди

Image caption Жуплянин ва Станишич 1992 йилги жиноятларда айбдор деб топилди

Гаагадаги Югославия бўйича халқаро маҳкама чоршанба куни Сербия Республикасининг собиқ Ички Ишлар вазири Мичо Станишич ва собиқ полиция бошлиғи Стоян Жуплянинни Босния ва Герцеговиняда 1992 йил инсониятга қарши жиноятларни содир этгани учун 22 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этди.

Уларнинг инсониятга қарши жиноятлари, жумладан қотиллик, қийноқ, зўрлаш, этник тозалаш, ноқонуний ҳибсга олиш, 1992 йил Босниянинг турли жойларида ўғирликни амалга оширганлик айблари исботлангани айтилган.

Трибунал ҳукмида келтирилишича, Станишич ва Жуплянин мусулмонларни Босниядан депортация қилиб юборишда қатнашганлар.

Судланувчилар ўзларининг жиноятларини Босниянинг Приедор тумани серб кучлари томонидан ишғол қилинганда амалга оширишган.

Ҳарбий амалиёт давомида Приедорнинг ўзида 1000дан ортиқ мусулмонлар ўлдирилган.

Image caption Боснияда минглаб мусулмонлар қирғин қилинган.

Қонли тўқнашув

Югославия бўйича Халқаро трибуналга кўра, ҳукм қилинганлар Серб давлати тузилиши кўзланган ҳудудлардан серб бўлмаган миллатларнинг йўқотилиши ҳақида биргаликда режа тузишган.

58 ёшли Станишич 2005 йил ўз ихтиёри билан ҳукуматга таслим бўлган. Босанск Кражин тумани полиция бошлиғи бўлган Жуплянин тўққиз йиллик қочқинликдан сўнг 2008 ҳибсга олинади.

Жуплянин шунингдек асирлар учун лагер тузишда айбланган. Бундай лагерларда 1992-95 йиллар минглаб босниялик мусулмонлар ва хорватлар ҳалок бўлишган.

Бироқ Жуплянин ва Станишич ўз айбларига иқрор бўлишмаган.

Босниянинг собиқ президенти Радован Караджич ва Сербия армияси қўмондони Ратко Младич ҳам Босниядаги қонли воқеалар, Серебреницадаги мусулмонлар қирғини бўйича Гаага трибуналида маҳкамани кутмоқда.

1992 йил Югославия бўлингач Боснияда бошланиб кетган урушда 100 мингдан ортиқ одам қурбон бўлган.

Босния уруши Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг Оврўподаги энг қонли воқеа саналади.

Бу мавзуда батафсилроқ