Россия Шимолий Корея бўйича вазиятдан хавотирда

Россия Шимолий Кореяга доир зиддият назорат қилиб бўлмайдиган даражага етиб келаётгани билан огоҳлантирган.

Аввалроқ Пхенян ўз ракеталарини ҳозирлик ҳолатига киритганини айтганди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров вазият таранглашиб бораётганидан хавотир изҳор қилган.

Kim Jong-un ракеталарни шай ҳолатга келтиришни Американинг бомбардимончи учоқлари Жанубий Корея ҳаво ҳудуда пайдо бўлганидан кейин буюрган.

Бу ҳақда хабар берган давлат ахборот агентлигига қўра, Шимолий Корея раҳбари Америка билан "ҳисоб-китоб қилиш" вақти етилди деб айтган.

Йиллик ҳарбий машқлар ва БМТнинг янги жазо чоралари Шимолий Кореянинг ғазабига сабаб бўлгани айтилади.

Шимолий Корея раҳбари Америка учоқларининг Жанубий Корея ҳаво ҳудудида пайдо бўлишини "улар бизнинг минтақада ядро уруши келтириб чиқариш учун ҳар қандай амалга қўл уришмоқда" деб таърифлаган.

Американинг ўзи, Ҳавайи, Гуам ва Жанубий Кореядаги ҳарбий базалари нишон ўлароқ кўрсатилган.

Пайшанба куни Америка ва Жанубий Корея ҳарбий машқлар чоғида бомбардимончи учоқлар парвозини йўлга қўйганди.

Вашингтон минтақадаги ҳар қандай "ҳолат"га тайёр эканлигини айтган.

Шимолий Кореянинг савдо соҳасида энг йирик ҳамкори Хитой ҳар икки томонни ҳам зиддиятни юмшатишга даъват қилган.

Аммо Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров вазиятни назорат этиб бўлмайдиган паллага кириши эҳтимоли билан огоҳлантирди.

Сергей Лавров ҳарбий мускулларни кўрсатиб геосиёсий мақсадларга эришиш керак эмаслигини урғулар экан, Американинг бомбардимончи учоқлари парвозига ишона қилди.

Америка Қўшма Штатлари эса B-2 учоқлари Американинг ўз иттифоқчилари ҳимоясига қодирлиги ва лозим бўлганда мўлжални тез ҳамда аниқ олиши ҳақида баёнот берди.

"Шимолий Кореяликлар ўз амалларининг хаторнок эканини тушуниб етишлари керак", деб айтди Америка Мудофаа вазири Чак Ҳагел.

"Биз Шимолий Кореянинг иғволарини жиддий қабул қиламиз ва жавоб берамиз", деди у.

Бу мавзуда батафсилроқ