Шимолий Корея жанубий қўшниси билан "уруш ҳолати"га кирганини эълон қилди

Image caption Шимолий Корея Президенти Ким Чен Инни дастаклаб Пхенянда минглаб аскарлар ва талабалар оммавий намойишда қатнашган.

Шимолий Корея Жанубий Корея билан уруш тугаганидан кейин эълон қилинган тинчликдан чиқишини эълон қилган, икки мамлакат ҳарбий қўмондонликлари ўртасида амал қилган ягона алоқа воситаси - тўғридан-тўғри телефон алоқаси узиб қўйилган.

Мамлакат оммавий ахборот воситалари "ҳар қанақа иғвогарлик амаллари"га "шафқатсиз жисмоний ҳаракатлар" билан жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирган.

Америка Қўшма Штатлари Пхеняннинг уруш пўписасини қоралаб чиқди, Россия вазиятни назорат этиб бўлмайдиган даражагача етиб боришига йўл қўймасликка чақирди.

Аввалроқ Пхенян ўз ракеталарини ҳозирлик ҳолатига келтиргани ҳақида эълон қилганди.

Шимолий Кореяни Жанубий Корея осмони узра АҚШнинг ядровий каллакли ракеталарни олиб учишга қодир бомбардимончи учоқлари парвоз қилгани ғазаблантирди.

Пхенян ўз ракеталари билан Жанубий Корея, АҚШнинг Ҳавайи ва Гуам оролларини нишонга олиши билан огоҳлантирди.

Шимолий Корея матбуотига кўра, мамлакат раҳбари Ким Чен Ин Америка учоқларининг Жанубий Корея ҳаво ҳудудида пайдо бўлишини "бизнинг минтақада ядро уруши келтириб чиқариш учун ҳар қандай амалга қўл уришаётгани" деб атаган.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин "америкалик империалистлар билан ҳисоб-китоб қилиш вақти етди", деб айтган.

Мамлакат телевидениеси Шимолий Корея Президенти Ким Чен Инни дастаклаб Пхенянда оммавий намойишда қатнашган минглаб аскарлар ва талабаларни намойиш этган.

Бу мавзуда батафсилроқ