Рим папаси пасха байрамида тинчлик муждасини йўллади

Папа Франциск Авлиё Петр майдонида пасха диний байрами муносабати билан ўн минглаб насронийлар иштирокида ўтказилган маросимга етакчилик қилган.

Икки ҳафта бурун Рим Католиклари черковига раҳбар этиб тайинланган папа байрам муносабати билан сўзлаган нутқида Африка, Осиё, Яқин Шарқ ва бутун ер юзида осойишталикни таъминлашга чақирган.

У "азиз Сурия"ни алоҳида тилга оларкан: "Қанча қон тўкилди?! Сиёсий ечим топилгунга қадар яна қанча азоб-уқубат чекилиши керак?" дея хитоб қилган.

Шунингдек, Папа Франциск Яқин Шарқдаги Исроил-Фаластин можароси, Ироқдаги вазиятга ҳам диққат қаратган. Айни пайтда у Мали, Нигерия, Конго Демократик Республикаси, Корея яриморолидаги зиддиятларни бир-бир санаб ўтган.

Рим папаси ноқонуний одам ўғирлаш муаммоси ҳақида гапираркан, бу 21 асрдаги қулликнинг энг йирик шакли эканини айтган.

Насронийлар календарида пасха муҳим байрам ҳисобланади ва дунё бўйлаб насронийлар тарафидан нишонланмоқда.

Ироқда католик дини вакиллари черковларга келишаркан, хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Бағдоддаги черковда ўтган маросимда 200га яқин диндор қатнашган.

Покистондаги насронийлар ҳам черковларга хавфсизлик кучайтирилган вазиятда келишган.

Бу мавзуда батафсилроқ