Афғонистон раҳбари Қатарда музокаралар бошлади

Ҳомид Карзай
Image caption Ҳозиргача Толибон Карзай жанобларини Американинг қўғирчоғи сифатида таърифлаб, у билан музокаралардан бош тортиб келади

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Доҳада Қатар амири Ҳамид Бин Халифа ал Таний билан учрашмоқда.

Давлат раҳбарлари музокараларида иккитомонлама ҳамкорлик, Толибон билан бўлажак муносабатлар ҳамда толибларнинг Қатарда ваколатхона очиш режасини мубоҳаса этилаётгани хабар қилинади.

Афғон расмийлари агар Толибон зўравонликлардан воз кечса, Қатарда кечаётган саъй-ҳаракатлар Афғонистон ҳукумати ва Толибон ўртасида тинч музокараларни бошлаш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилишига умид қиладилар.

Бироқ, Толибон воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид ахборот агентликларидан бирига гапираркан, ваколатхона очиш улар ва Қатар ҳукумати орасидаги масала эканини айтган.

"Қатарда Толибон ваколатхонасини очишнинг Карзайга алоқаси йўқ, бу Толибон ва Қатар ҳукумати орасидаги масала", Забиҳуллоҳ Мужоҳид Франс Пресс ахборот агентлигига.

"Бизнинг аллақачон Қатарда бўлган вакилларимиз у билан учрашишмайди ҳам, гаплашишмайди ҳам", дея қўшимча қилган у.

Ҳозиргача Толибон Карзай жанобларини Американинг қўғирчоғи сифатида таърифлаб, у билан музокаралардан бош тортиб келади.

Бироқ, ўтган йил Толибон ва Қўшма Штатлар расмийлари ўртасида мулоқотлар олиб борилгани ҳақида хабар қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ