Жанубий Корея: Шимолга жавобимиз кескин бўлади

  • 1 Апрел 2013

Икки ўртада танглик зўрайиб бораркан, расмий Сеул Шимолий Кореянинг ҳар қандай тажовузкорона амалига "қақшатқич жавоб бериши" билан огоҳлантирмоқда.

Бу ҳақда Жанубий Корея Президенти Пак Кин Хе ўз мудофаа вазирлиги мулозимлари қаршисида баён қилган.

Унинг айтишича, расмий Пхеньяннинг такрорий таҳдидларини "жуда жиддий" қабул қилишган.

Шимолий Корея ўтган шанба куни қўшниси билан "уруш ҳолати"га кирганини эълон қилганди.

Расмий Пхеньяннинг ядровий арсеналини мустаҳкамлаш ваъдасига жавобан эса, АҚШ якшанба куни Жанубий Кореяга энг сўнгги русумдаги қирувчи учоқларини юборганди.

"Жанубий Корея ва унинг халқига қарши қандайдир иғвогарона амалга қўл урилса, бирор бир дипломатик танловсиз, зудлик билан қарши зарба берилади", деб ваъда қилган Жанубий Корея президенти.

Шу кунларда Шимолий Корея кетма-кет АҚШ, унинг минтақадаги ҳарбий базалари ва қўшнисини ҳужумга тутиш билан огоҳлантириб келмоқда.

Расмий Пхеньян ўтган феврал ойидаги ядровий синови ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан киритилган жазо чоралари ва АҚШнинг қўшниси билан ҳамкорликда амалга оширган йиллик ҳарбий машғулотидан ғазабда.

Шимолий Корея атом қуролларини "ўз тирикликлари" сифатида кўради ва ўз ядровий дастурини янада тараққий топтириш аҳдида қатъий эканини ошкора баён этиб келади.

Расмий Пхеньянга кўра, "ўзларини ҳимоя этиш учун тезликда ядровий қалқон яратиб олган тақдирларидагина, АҚШнинг Корея оролини куч билан босиб олишга қаратилган мустамлакачилик ниятларини чиппакка чиқаришлари мумкин бўлади".

Бу мавзуда батафсилроқ