Корея оролидаги можаро Ўзбекистонда қандай акс-садо бермоқда?

Image caption 'Корея оролидаги вазият Жанубий Кореянинг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган Ўзбекистонда деярли эътибор топмаган'

Расмий Пхеньян ўз таҳдидларини кучайтираркан, АҚШ Тинч уммонидаги Гуам оролига ракетадан ҳимоя тизимини жойлаштирмоқчи.

Шимолий Корея ҳукумати Бирлашган Миллатларнинг янги жазо чоралари ва АҚШ қирувчи учоқлари иштирокида ўзаро чегарада ўтказилган қўшма ҳарбий машғулотлардан ғазабда.

Расмий Пхеньян сўнгги кунларда бунга жавобан АҚШнинг ўзи, Гуамдаги ҳарбий базалари ва қўшниси Жанубий Кореяга ҳужум қилиши билан огоҳлантириб келмоқда.

Ўзбекистон ҳам ҳар икки Корея давлати билан яхши алоқада эса-да, расмий Сеул Тошкентнинг яқин иқтисодий ҳамкори ва йирик халқаро сармоядорларидан бири саналади.

Жанубий Корея Ўзбекистон таълим, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ижтимоий соҳаларда молиявий-техник ёрдамлар ҳам кўрсатиб келади.

Йилларки, минглаб ўзбекистонлик фуқаролар Жанубий Кореяда меҳнат муҳожирлигида бандлар.

Устига устак, катта сондаги корейс диаспораси бир неча ўн йилдан буён Ўзбекистонда яшаб келишади.

Агар, Ўзбекистондан журналист суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, Корея оролидаги вазият Ўзбекистонда деярли эътибор топмаган.

"Ўзбекистонда шароит умуман бошқача. Оммавий-ахборот воситалари эркин эмаслиги сабабли, Шимолий ва Жанубий Корея орасидаги мавжуд муносабатларга оид чуқур таҳлилий чиқишларни кўраётганимиз йўқ. Онда-сонда расмий оммавий-ахборот воситаларида жуда қисқа бўлган хабарлар, лавҳалар тарзида кўриниб қолади", дейди Абдураҳмон Ташанов.

"Корея оролидаги вазият Ўзбекистондаги оддий корейсларнинг кўнгилларида чуқур изтироблар уйғотаётган бўлиши мумкин"лигини айтган суҳбатдошимиз, "лекин диаспора даражасида тадбирлар ўтказилаётгани ёки вакиллари оммавий-ахборот воситаларида чиқиш қилиб, шу мавзу юзасидан ўзларининг бевосита безовталикларини изҳор этишаётгани кузатилаётгани йўқ", дейди.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, Ўзбекистондаги оддий одамлар ҳам кечаётган можаролардан унчалик хабардор эмаслар.

"Шимолий Корея томонидан қилинаётган таҳдидларнинг нечоғлиқ жиддийлиги оммавий-ахборот воситалари томонидан етарлича ёритиб берилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам одамлар ҳозирги вазиятдан унчалик ҳам яхши хабардор эмаслар", дейди суҳбатдошимиз.

Журналист Корея оролидаги вазият юзасидан шу пайтгача Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам аниқ бир расмий баёноти эълон қилингани йўқлиги, ҳар икки давлат билан алоқаларини инобатга олиб, расмий Тошкент эҳтиёткорона йўл тутаётгани, вазият қайси томонга йўналишини кузатиб турганлигини айтади:

Корея можароси

Image caption Шимолий Корея энди ядровий ҳужум билан пўписа қилмоқда

Америка ҳукуматининг билдиришича, ҳарбий кемалари аллақачон минтақага жўнаб кетган ва “қалқон” келаси бир неча ҳафта ичида тайёр бўлади.

Гуам Шимолий Корея нишонга олиш билан қўрқитаётган мўлжаллардан биридир.

Аммо, таҳлилчиларга кўра, расмий Пхеньян на-да ядровий қуроллари ва на-да баллистик ракеталари билан Американинг ўзини нишонга олиш қудратига эга эмас.

Уларнинг айтишларича, Шимолий Корея фақат ўртача масофага мўлжалланган ракеталари билан АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларини нишонга олишга қодир, холос.

Шимолий Кореянинг жанубга қаратилган сўнгги баёноти эса, таҳлилчилар томонидан “ақл бовар қилмас ва манмансираш”лик сифатида талқин этилмоқда.

Баёнотда Жанубий Корея Мудофаа вазири “қуролли безори” ва “одам”масликда айбланади.

Аммо расмий Пхеньяннинг қаҳру ғазаби асосан ўзаро чегарада ўтказилган қўшма ҳарбий машқларга қаратилган.

Америка ҳам айни шу машқлар баҳона Корея оролиги ядровий каллак ташишга қодир қирувчи учоқларини юборганди.

АҚШ ва Жанубий Корея бу билан фақат шимолни қўрқитиб қўймоқчи бўлишганди, холос.

Бироқ, айрим кузатувчиларга кўра, расмий Пхеньяннинг хавотирлари ҳам асоссиз эмас.

Улар ҳарбий-ўқув машғулотлари ҳарбий амалиётларга асос бўлиб хизмат қилган 1973 йилдаги Йом-Киппур, Ироқ ва Ливиядаги урушларни мисол қилиб келтиришади.

Расмий Пхеньян бугун, иккинчи кундирки, жанубий кореялик ишчиларнинг ўзаро чегарада жойлашган қўшма саноат мажмуасига ўтишларига изн бермаган.

Шимолий Корея аввалроқ қўшниси билан “уруш ҳолати”га киргани ва Бирлашган Миллатларнинг жазо чораларига жавобан атом реакторини қайта ишга туширишини ҳам эълон қилганди.

Таҳлилчилар эса, ўзининг сўнгги хатти-ҳаракатлари расмий Пхеньян нимага эришмоқчи эканини билолмай ҳалаклар.

Сеулдаги мухбиримиз Дамиян Грамматикаснинг айтишича, Шимолий Корея янги музокараларни бошлаш учун Вашингтонга босим ўтказмоқчи бўлаётган бўлиши мумкин.

Ҳам АҚШ ва ҳам Жанубий Корея эса, расмий Пхеньяннинг такрорий таҳдидларини жиддий қабул қилганликларини ошкора баён этишганди.

Расмий Сеул эса, ҳеч қандай дипломатик танловларсиз, қўшнисининг ҳар қанақанги иғвогарона амалига зудлик билан кескин жавоб беришини маълум қилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ