Мумбай яқинида қулаган бино 35 кишини нобуд қилди

Image caption Бино остида ўнлаб одамлар қолиб кетгани ишонилади

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрига яқин ҳудудда ҳали қурилиб битмаган бинонинг қулаши оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида 11 нафар ёш болалар ҳам бўлган.

Полиция хабарига кўра, Тане шаҳридаги етти қаватли бинонинг қулаши оқибатида, шунингдек, ўнлаб одамлар жароҳат олишган ва кўплаб одамлар ҳаробалар остида қолиб кетгани ишонилади.

Расмий маълумотга биноан, бино ноқонуний тарзда қурилаётган бўлган ва ҳали қурилиб битмаганига қарамай, тўртта қаватда аллақачон одамлар яшаётган бўлган.

Биноларнинг қулаб тушиши Ҳиндистонда оддий ҳолдир, ва бу ҳодисаларга одатда қурилиш тажрибасининг ёмонлиги сабаб қилиб кўрсатилади.

Би-би-сининг Мумбайдаги мухбири Ражини Вайдянатаннинг айтишича, аҳоли сонининг ошиб бориши ва турар жойларнинг етишмаслиги кўп қаватли биноларнинг қад ростлашига етаклаган.

Лекин, кўп қурувчи ширкатлар қурилиш учун қонуний рухсатнома олишмайди ва қурилиш ишларида хавфсизлик чораларига эътибор беришмайди.

Махараштра штатидаги Тане шаҳри полиция зобити бинонинг бир қисми пайшанба оқшомида қулагани ва ўзи билан бутун бинони қулатганини билдирди.

Қулашга нима сабаб бўлгани ҳали ноаниқ, лекин терговчи Дигамбер Жангаленинг Би-би-сига айтишича, ҳодисага қурилиш материалларининг сифати ёмонлиги сабаб бўлган.

Унга кўра, қурбонларнинг аксари бинода яшаб келаётган қурувчилар бўлишган. Камида 69 киши жароҳат олган.

"Бино ҳудди карталардан қурилган уйдек уч-тўрт сониянинг ичида ер билан текис бўлди", - деди Рамлал исмли гувоҳ.