Маргарет Тэтчер - Британияни энг узоқ бошқарган аёл бош вазир

Маргарет Хилда Тэтчер 1925 йилнинг 13 октябрида Линколншир графлигининг Грантам шаҳарчасида туғилган.

Унинг отаси баққолик дўкони соҳиби Алфред Робертс ва Беатрис бўлганлар.

Алфред Робертс маҳаллий кенгаш аъзоси, маҳаллий методист черкови ибодатчиларидан эди ва Тэтчер хоним ўз ҳаётидаги ҳамма нарсани отасидан олгани ҳақида айтган.

"Мен бугун ишонадиган ҳамма нарсага ишончимни отам етказган", деб айтганди у.

Маргарет Оксфорддаги Соммервил колледжида табиий фанларни ўрганган ва Оксфорд университетидаги Консерваторлар жамоасидаги учинчи аёл вакил бўлган.

Тэтчер университетдаги таҳсилини тугатганидан кейин Колчестердаги пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ширкатда ишлай бошлайди ва Консерваторлар партиясининг фаол аъзосига айланади.

Маргарет Тэтчер биринчи марта 1949 йилда Кент графлигининг Дартфорд шаҳрида Консерваторлар партиясининг истиқболли номзоди сифатида рўйхатга олинган.

Бироқ 1950-51 йиллардаги парламент сайловларида муваффақиятга эришолмаган.

Аммо ёш Консерватор номзод сифатида у матбуотнинг эътиборини ўзига кўп жалб қилишга муваффақ бўлган.

1951 йилда Маргарет оиласи билан ажрашган бизнесмен Денис Тэтчерга турмушга чиқади.

Айни пайтда у ҳуқуқшуносликни ўргана бошлайди ва 1953 йили эгикзаклари - Марк ва Кэрол туғилган йили адвокатлик дипломини ҳам қўлга киритади.

Бир неча йиллик муваффақиятсиз интилишлардан кейин 1959 йилдаги парламент сайловида Лондоннинг Финчли бўлгасидан у Консерваторлардан парламент аъзоси этиб сайланади.

Ҳукуматдаги илк лавозим

Алек Дуглас Консерваторлар лидерлигидан бўшаганидан кейин Маргарет Тетчер Тед Хесни дастаклаб овоз беради, у партиянинг уй-жой ва ерлар учун масъулига айланади.

1970 йилда Тед Хес Бош вазирликни қўлга киритганида Тэтчер хоним ҳукуматдаги маориф вазири лавозимини эгаллади.

У Лейбористлар жорий этган 7 ёшдан 11 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларига бепул сут тарқатилишга қарши чиққан, маориф вазирлигидаги қисқартиришлар ижодкори бўлган эди.

Шунинг учун Лейбористлар матбуоти уни қофияли ном билан атай бошлайди: Margaret Thatcher, milk snatcher - Маргарет Тэтчер, сут ўғриси.

Бироқ нефт инқирози, кончиларнинг иш ташлашлари билан рўпара келган Тед Хес ҳукумати 1974 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлди, Тэтчер хоним соя ҳукуматидаги атроф-муҳит вазирига айланди.

Орада у ўз партияси раҳбариятига қарши борди, кўплар учун кутилмаганда 1975 йилда Торилар раҳбарлиги учун сайловда рақибларини енгиб чиқиб Британия сиёсий партиялари тарихида илк марта партия раиси бўлган аёлга айланди.

1976 йилдаги нутқида у Шўролар Иттифоқининг репрессив сиёсатини танқид қилган маърузасини ўқиди. Бунинг учун Совет матбуоти уни "Темир Леди" деб атагани унинг ўзига ҳам ёқиб тушган.

Бу пайтда мамлакатда касаба уюшмалари тўхтовсиз иш ташлашлари ташкил этар, булар ҳаммаси ҳукуматдаги Лейбористлар мавқеи сусайишига етаклар эди.

Консерваторлар Лейбористларга қарши йирик кампания бошлади, 1979 йил 28 мартида Жим Каллаханнинг ҳукуматига ишончсизлик изҳор этилди.

Ҳокимият тепасига келган Маргарет Тэтчер давлатнинг иқтисоддаги ролини камайтириш мақсадидаги амалларини бошлади.

Унинг ҳукумати инфляцияни камайтириш ва бюджет харажатларини қисқартириш амалларини бошлади.

Тэтчер хонимнинг қаттиққўл сиёсати нафақат касаба уюшмалари, мухолифат, балки Консерваторлар партиясидаги ўз сафдошларининг ҳам норозилигига олиб келди.

1981 йил охирида Маргарет Тэтчернинг рейтинги 25 фоизга тушди.

Британия бош вазирларидан бирортасининг ҳам рейтинги бу қадар пасаймаган эди.

Фолкленд урушидаги ғалаба

1982 йил апрелида Аргентина армияси Фолкленд оролларига бостириб кирди, Тэтчер хоним зудлик билан Британия ҳарбий-денгиз қўшинларини минтақага ташлади.

Июн ойида Аргентина Фолкленд урушини ютқазди, бу ғалаба эса Тэтчер хоним машҳурлигини ошириб юборди.

1983 йилдаги парламент сайловларида Консерваторлар катта овоз тўплаб ғалабани қўлга киритди.

Маргарет Тэтчер ташқи сиёсатда Британиянинг обрўсини янада оширишга интилди, у Лейбористлар ҳукмронлиги йилларида Бирлашган Қиролликнинг жаҳон минбаридаги обрўси тушиб кетди, деб ҳисоблар эди.

Тэтчер хоним билан АҚШ президенти Роналд Рейганнинг қарашлари бир жойдан чиқди, улар иқтисодий масалаларда ҳаммаслак бўлдилар.

"Темир Леди"нинг СССР Президенти Михаил Горбачёв билан умумий тил топишгани кўпчилик учун ҳайратланарли бўлди.

"Биз бирга ишлай оламиз", деган Маргарет Тэтчернинг сўзлари дунёга машҳур бўлиб кетган эди.

Бу йилларда Лейбористлар партияси ичида сиёсатчилар ўртасидаги келишмовчилик авжига чиққан, 1987 йилда Британия тарихида бирваракайига учинчи марта Тэтчер раҳбарлигидаги Консерваторлар сайловда ғалаба қозондилар.

Сайловдан кейин ҳукумат солиқларни кўтаришга қарор қилди, бу эса Британия тарихидаги қаттиқ кўча норозиликларига сабаб бўлди.

Тэтчер хонимнинг сиёсатидан норозилик яна партиядошлари орасида ҳам пайдо бўлди.

Унинг қудратдан кетишига Оврўпо ҳамжамияти ролини оширишга қарши чиққани сабаб бўлди, дейиш мумкин.

1989 йил Рим шаҳрида бўлиб ўтган саммитдан қайтганидан кейин у Оврўпо Комиссияси ваколатлари кучайтирилишига қарши чиққанини айтди.

"Матбуот анжуманида комиссия раиси Месье Делор Оврўпо парламентини демократик орган сифатида кўришни, Комиссия ижроия орган вазифасини бажаришини хоҳлашини, вазирлар кенгашини сенат ролида кўрмоқчи эканини айтди. Йўқ. Йўқ. Йўқ", деб айтган Маргарет Тэтчер.

Шундан сўнг Консерваторлар лидерлиги учун овоз берилди, 1990 йилги овоз беришда Тэтчер хоним унча кўзга ташланмаган партиядошига ютқазди.

Баронесса Тэтчер

Британия Бош вазири Жон Мейжор бўлди.

Бироқ 1992 йилда кўплар учун кутилмаганда Консерваторлар яна кўп овоз тўплади, бироқ Тэтчер хоним парламент аъзолигидан воз кечди.

1995 йилда Маргерт Тэтчерга Кестевен Баронессаси унвони ва Британия рицарлик орденининг энг олий нишони берилади.

У фаол сиёсат юритиш билан бирга икки жилдлик хотираларини нашрдан чиқарди.

Айни пайтда Маастрихт битимига қарши кампания олиб борди, Босниядаги Сербия сиёсатини танқидларга тутди.

2001 йилда унинг саломатлиги ёмонлаша бошлади.

Шифокорлар унга оммавий маърузалар ва баёнотлар билан чиқишни тақиқлашди.

2008 йилда у дименцияга дуч келгани, қисқа пайт хотирасидан айрилгани ҳақида қизи маълум қилган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ