Эронда кучли зилзила юз берган

Image caption АҚШ ва БМТ Бушеҳрда ядровий қурол ишлаб чиқарилаётганига ишонади

Эрон жануби-ғарбида, мамлакатнинг ягона ядровий мажмуасига яқин ҳудудда, кучи 6.3 баллга тенг зилзила юз берган.

Бу ҳақида АҚШ Геология тадқиқот маркази хабар тарқатди.

Давлат матбуотидаги илк хабарларга биноан, уч киши ҳалок бўлган.

Ижтимой мулоқот тармоқлари фойдаланувчилари хабарларига кўра, одамлар Форс Кўрфази бўйлаб, хусусан Дубай, Абу Даби ва Баҳрайнда ер қимирлаганини сезганлар ва бинолардан эвакуация қилинганлар.

Эроннинг ядровий дастури Ғарб давлатлари орасида Теҳрон ядровий қуролларни ишлаб чиқараётгани борасида хавотирни уйғотган. Эрон бу каби қурол ишлаб чиқарилаётганини буткул рад этади.

АҚШ Геология тадқиқот маркази зилзила соат 11:52да ядровий завод жойлашган Бушеҳр шаҳридан 90 чақирим узоқликда юз берганини билдирди. Зилзиланинг манбаи ер остида 10 чақирим чуқурликда бўлган.

Бушеҳр шаҳридаги Эрон Сейсмология институти Бушеҳрдан 60 чақирим масофада бўлган Каки шаҳрида 6.1 балли зилзилани қайд қилганини билдирди.

Зилзила ортидан яна бешта ер қимирлаши юз берган, уларнинг энг кучлиси 5.4 баллга тенг бўлган.

Россиянинг Интерфакс хабар агентлигига кўра, Бушеҳрдаги заводни қурган Россиянинг Атомстройэкспорт ширкати зилзила заводга шикаст етказмаганини айтган.

Хабарга биноан, завод ходимлари ер қимирлашини сезганлар, аммо ишни давом эттиришмоқда. Атомстройэкспортдаги исмини ошкор этмаган манбага кўра, радиация даражаси ўзгармаган.