‘Афғонистон – бангилар ўчоғига ҳам айланди’

Бангилар
Image caption Афғонистон аҳолисининг бир миллиондан ортиқроғини бугун бангилар ташкил этишаркан

Ҳануз дунёдаги энг йирик афюн ишлаб чиқарувчи давлат бўлган Афғонистон бангиларининг сони бўйича ҳам барчани ортда қолдириб кетибди.

Агар, Афғонистон аҳолисининг сони 35 миллион дейилса, уларнинг бир миллиондан ортиқроғини бугун бангилар ташкил этишаркан.

Аён бўлишича, бу каби нисбат дунёнинг бошқа бирор бир давлатида кузатилмайди.

Бангиларни излаб, узоққа бориб ётишингизнинг ҳожати йўқ: уларни шундоққина Афғонистон пойтахтининг қоқ юрагида, Кобул дарёси бўйларида учратасиз.

Бангилар бу ерга героин сотиб олиш ва истеъмол қилиш учун йиғилишади. Одамларни инсоний қиёфаларидан чиқарувчи аянчли бир маскан.

Бу ерда куппа-кундуз куни эркаклар ва ёш-ёш йигитлар чўкка тушволиб, турли гиёҳванд моддаларни қабул қилишади.

Устига устак, уларнинг ораларида, ҳатто, шифокор, муҳандис ва таржимон бўлган саводли кишиларни ҳам учратасиз.

Тариқ Сулаймон бангиларга ёрдам бериш билан шуғулланувчи маҳаллий хайрия жамғармасидан.

У гиёҳвандлик балосига йўлиққан инсонларни даволанишга ундаш учун тез-тез бу ерга келиб туради.

“Биз шундоқ ҳам болаларимизни худкушлигу ракета ҳужумлари, портлашларда бой бераяпмиз. Энди эса, бангилик ватандошларимизни ўлдираётган бошқа бир террорчилик балосига айланди”, дейди у.

“Болалигидан йўлиққан...”

Аслан Афғонистоннинг шимолий Бадахшон вилоятидан бўлган 18 ёшли Жовид 10 йилдан бери героин истеъмол қилади.

Ҳали бола экани чоғида еримда яхшироқ ишласин деб, ўзининг қондош амакиси уни бу балога йўлиқтириб қўйган.

“Ҳаётимдан нафратланаман. Чунки ҳамма мени ёмон кўради. Мен бу ёшда мактабда бўлишим керак. Аммо, кўриб турганингиздек, бангиман”, дейди у.

Жовиднинг отаси ўлиб кетган. Ногирон онаси эса, ўғлининг дардида куйиб, адо бўлган. Онасининг ҳаётдан ягона умиди – ўғлининг бангилик балосидан халос бўлиши. Лекин, шунга қарамай, тиланчилик қилиб бўлса-да, Жовиднинг бир кунлик героинига етадиган пулни топиб беради. Ўғлининг ўғрилик қилишидан қўрқади.

“Агар куним битиб, қазо қилиб қолсам, кунинг бошқа бангилар каби кўприкнинг остида ўтади деб Жовидга жавраганим жавраган”, дейди онаси.

Ҳатто, тунлари ҳам тиним билмайдиган аксарият ашаддий бангиларнинг тақдирлари Жовидники билан ўхшаш.

Полиция ходимлари бангиларни бу ердан қувиб солиш учун мунтазам равишда рейдлар уюштириб туришади, уларни калтаклашади ва ҳатто, дарёга ҳам отиб юборишади.

Ҳамма бало нимада?

Нега бир миллиондан ортиқ афғоннинг гиёҳванд моддаларга рўжу қўйишгани сабаблари эса, анчайин мураккаб.

Шубҳасиз, бунда бир неча ўн йиллик урушларнинг ҳам таъсири бор.

Чунки жанглардан қочиб, муҳожирликка юз тутган аксарият афғонлар бангилар сони юқори бўлган қўшни Покистон ва Эрондан бошпана топишган.

Мулозимларга кўра, бугун ортга қайтаётган ўша қочқинлар ўзлари билан она юртларига гиёҳвандлик балосини ҳам олиб келишмоқда.

Бундан ташқари, ишсизлик муаммоси ҳам бор. Агар, сўнгги рақамларга қаралса, Афғонистон аҳолисининг 40 фоизга яқини ишсиз.

“Ишим бўлганида эди, бу ернинг яқинига ҳам йўламасдим”, дейди мен Кобул дарёси бўйида учратган бангилардан бири.

Фаруқнинг айтишича, қўлида шифокорлик дипломи бор ва вақтида касалхона бошқарувчиси ҳам бўлиб ишлаган.

У барча дарду аламларимдан фориғ бўлиш учун гиёҳванд модда қабул қиламан, бироқ бангиликдан кўра, ўлганим яхшийди, дейди.

Бундан ташқари, гиёҳвандлар сонининг шитоб билан ошиб боришига героиннинг йил сайин имконли бўлиб бораётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Чунки сўнгги йилларда героин Афғонистоннинг ўзида ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Бангиларнинг сўзларига қаралса, Кобулда героинни топиш ҳам, сотиб олиш ҳам осон:

“Худди, егани бир нарса харид қилганга тенг. Бир грамми 6 АҚШ доллари туради. Шаҳарнинг исталган бурчагидан топасиз”, дейишади улар.

Бирлашган Миллатлар Гиёҳванд моддаларни назорат этиш идораси – Афғонистонда кўкнори етиштиришга чек қўйиш йўлида иш олиб бораётган саноқли халқаро ташкилотлардан бири.

“Биз шу пайтгача талаб гиёҳванд моддаларга эҳтиёжни пайдо қилади, деган фикрда эдик. Лекин, биз назардан қочирган нарса шу бўлдики, бозорда салмоқли миқдордаги маҳсулотнинг пайдо бўлиши ҳам ички эҳтиёжга сабаб бўлади”, дейди идора вакили Жан –Люк Лемаю.

Мақсадга нима бўлди?

2001 йилда Афғонистонга кириб борган хорижий қўшинларнинг асосий мақсадларидан бири ҳам кўкнори етиштирилишига барҳам бериш эди.

Аммо, бунинг ўрнига, улар исёнчиларга қарши курашга кўпроқ эътибор бериб, кўкноризорларга, ҳатто, кўз юмишда ҳам айбланишди.

Афюн Афғонистонда янгилик эмас. Асрларки, одамлар уни ўзига хос дори сифатида ҳам қўллаб келишган.

Мен шимолий Мозори Шариф шаҳридаги касалхоналардан бирида учратган Фотима ҳам боласини туққандан кейин кетаётган қонни тўхтатиш учун афюн истеъмол қилишни бошлаганини айтади.

Унга кўра, шифокорга боришдан кўра арзонроқ тушгани учун шундай қилган.

Сўнгра йўталини даволайман, деб эмизикли боласига ҳам афюн беради. Ҳозир эса, икковлон ҳам банги бўлиб қолишган.

Агар, рақамларга қаралса, ҳозир Афғонистондаги бангиларнинг 40 фоизини аёллар ва болалар ташкил этишади.

Аммо уларнинг орасида Фотима ва фарзандига ўхшаб, даво истаётганлари кам.

Даво излаб...

Бутун Афғонистон бўйлаб ҳозир фаолиятда бўлган 95 та махсус тиббиёт марказлари ҳам бор-йўғи 2.305 кишига мўлжалланган.

Бир миллиондан ортиқ бангини даволаш учун давлат ғазнасидан ажратилаётган йиллик маблағ эса, бор-йўғи 2 миллион доллардан сал ошади.

Бу – ҳар бир бангининг даволаниш учун йилига фақатгина 2 доллардан сал ошиқроқ маблаққа умид қила олишини англатади.

Дейлик, биргина Жовиднинг ўзи кунига бундан уч карра қимматроққа тушувчи миқдорда героин истеъмол қилади.

Ҳали Кобулда эканим чоғи Жовиднинг даволаниш учун Тариқ Сулаймоннинг “Нажот” марказига ётганини эшитдим.

Кўчада қайтиб кўриб қолганимда у менга героинни қайтиб оғзига олмаётганини айтди.

Аммо унинг сузилиб турган кўзлари ва пойинтар-сойинтар гаплари умуман бошқа нарсага далолат қиларди.

Қишнинг ғира-шира оқшомида кўздан ғойиб бўларкан, унинг бир кун келиб, гиёҳвандлик балосидан халос бўлишига, негадир, кўзим етмасди.

Афғонистон турли жабҳаларда тўқнаш келиб турган муаммоларнинг кўплигидан гиёҳванд моддаларга қарши курашда қанчалик муваффақият қозона олиши ҳам менга шунчалик мавҳум туюлади.

Бу мавзуда батафсилроқ