Ҳиндулар муқаддас ниқоблари кимошди савдоси мубоҳасалар марказида

Парижда маҳкама Аризонанинг ҳиндулар қабиласига тегишли мубоҳасали ниқоблар кимошди савдосига рухсат бериш ё бермаслик борасида қарор чиқариши кутилади.

Хопи қабиласи ва унинг нуфузли тарафдорлари, хусусан актёр Роберт Редфорд, мазкур савдо диний осори-атиқаларни ҳақорат қилишга тенг бўлишини айтишган.

Қабила 70та ниқоб илоҳий руҳлар кучига эга экани ва улардан ўғирланганини айтадилар.

Аукцион ташкилотчилари эса бу ниқоблар ўтмишда ҳам сотувга қўйилгани ва қонуний йўл билан сотиб олинганини айтишмоқда.

Ўзини Хопи маданиятининг “яқин дўсти” деб тасвирлайдиган жаноб Редфорд ниқоблар “фақат Хопи қабиласига, Хопидан бошқа ҳеч кимга” тегишли эмаслигини ёзган.

“Буларни кимошди савдосига қўйиш, менинг фикримда, динни ҳақорат қилишга тенг ва ўта ёмон ахлоқий оқибатларга олиб келиши мумкин”, - деб айтган Голливуд юлдузи.

“Мен бу муқаддас жиҳозлар Хопига қайтарилади деб умид қиламан. Улар кимошди савдоси учун яратилмаган”, - деди у.

Маҳкамага шикоят қабилавий халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Survival International ташкилоти томонидан берилган.

АҚШнинг Франциядаги элчиси Чарлз Ривкин кимошди савдосидан “жуда хавотирда” эканини айтган.

“Хопи вакиллари бу жиҳозларга эгалик тафсилотларини аниқлаш учун савдо кечиктирилишини сўраганлар”, – деди у.

“Савдонинг кечиктирилиши бу муқаддас жиҳозларни яратган томонларга ўз ҳуқуқларини аниқлаб олишга имконият беради”, - деди элчи.

Бироқ, Нере-Мине Тессие ва Сарру аукцион уйининг аукциончиси Жил Нере-Мине бу савдонинг тўхтатилиши Франция музейларининг ўз коллекцияларидан айрилишига етаклаши мумкинлигини айтди.

“Агар биз бу маҳкама ишида мағлуб бўлсак, Францияда қабилавий жиҳозлар савдоси бошқа ўтказилмайди”, - деди у.

“Ўйлашимча, музейлар ўз коллекцияларини қайтариб беришга мажбур бўладилар. Бу санъат бозори учун йирик зарба бўлади”, - деди жаноб Нере-Мине.