Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Тожик ва қирғизлар аҳволи яхши, ҳамма фаррош фақат ўзбеклар'

Image caption Тожикистон ва Қирғизистон Россиядаги ўз фуқаролари ҳақида қайғуришади, шу боис кўча супурувчилар аксар ўзбеклар, дейилади

Президент Ислом Каримовнинг Россияга сафаридан у ердаги миллионлаб ўзбеклар ҳам умидвор.

Сабаби, Россиядаги энг кўп сонли муҳожир бўлишига қарамасдан, энг ҳуқуқсизи ҳам - ўзбеклар.

Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўзлари иш топиб беролмагани боис, Россиядаги фуқаролари шароитларини яхшилашга интилишмоқда.

Дейлик, қирғизлар енгиллатилган тартибда Россия фуқаролигини олиб, ўз Қирғизистон ватандошлигини ҳам сақлаб қола оладилар.

Тожиклар эса ўз ҳукуматлари саъй-ҳаракати туфайли бирданига узоқ йиллик рўйхатдан ўтиб, бемалол яхши маошли иш топиб кетадилар. Улар учун ҳам икки фуқароликка рухсат берилган.

Аммо Ўзбекларнинг аҳволи қийин. Уларнинг рўйхатдан ўтишларини осонлаштириш йўлида Ўзбекистон ҳукумати қайғурмайди.

Ҳозир Россиядаги кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ўта кам маошли ва энг оғир ишларни қилишади.

"Путин Тожикистонга бориб келгач, уларнинг Россиядаги шароитлари бирданига яхшиланиб кетди, ҳозир кўчада деярли тожик фаррош қолмаган" - дейди Москвадан журналист Соҳиба Ҳайитбоева - "Кўчада фаррошлик қилаётганлар ҳаммаси фақат ўзбеклар".

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги миллионлаб ёшларга иш ўрни яратиб беролмаяпти. Аммо тирикчилик учун четга иш излаб кетган фуқаролар ҳақида мамлакат ичида салбий фикр яратиш анъанаси сезилади.

Бу муҳожирларни кўп ҳолларда мамлакатдаги ноз-неъматларга шукур қилмай, четдан мўмай пул топиб, бойишни истаганлар, деб айтишади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз бошқаруви тарихида фақат бир марта четда қийналаётган ўзбекларни ҳақида гапирган: У Россияда ўлдирилган ўзбек фаррошини эслаганди.

Аммо президент ушбу масала ечими борасида Меҳнат вазирини эмас, негадир Прокуратура ва Ички ишлар вазирлигини саволга тутди.

Шу асно куч тизимлари ҳам ўзига мос жавоб бериб, муҳожирларнинг четга кетишини тўсиш ва уларни таъқиб этиш ҳаракатларини бошлашгани ҳақида хабарлар чиқмоқда.

"Бундай чоралар натижа бермайди, чунки Ўзбекистон бу одамларга иш топиб беролмайди" - дейди журналист - "Россияга иш излаб келаётганлар эса бойиш эмас, тирикчилик ғамидалар".

"Акс ҳолда олий маълумотли одам нега кўча супуриб, идиш-товоқ ювади?"

Президент Каримов Россияга келиб ишлашга мажбур бўлаётган ўзининг миллионлаб фуқаролари муаммоларини Владимир Путин билан учрашувда кўтариш-кўтармаслиги номаълум.

Соҳиба Ҳайитбоевага кўра, барибир, Ўзбек муҳожирлари Москвада кутилаётган икки президент учрашувида ўз аҳвол ва шароитларини, муҳожир сифатидаги мавқеларини бироз яхшилашга оид қандайдир келишувларга борилармикан, деган умиддалар.