Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўзбек ёшларини ёлламоқда

Агар, "Ал-Жазира"нинг хабарига таянилса, Афғонистоннинг Ўзбекистонга яқин шимолий Тахор вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг таъсири остига тушиб бораётган маҳаллий ўзбек ёшлари сони ортиб бормоқда.

Афғонистон шимолидаги юқори мартабали ҳукумат ҳарбийларига кўра, айниқса, сўнгги уч йил ичида ҳаракат Афғонистон шимолида фаоллашган ва ҳозир уюштирилаётган махсус амалиётлари ҳам асосан уларга қаратилган.

Улар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари ҳозир Афғонистоннинг бутун шимолий-шарқий минтақаларга ёйилиб кетганини айтишади.

Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, улар ҳозир, айниқса, Қундуз, Бадахшон, Бағлон ва Тахорнинг айрим туманларида жуда фаоллар.

Тахордаги мухбиримиз Мубин Ғафурийнинг айтишича, асосини ўзбекистонлик жангарилар ташкил этишгани учун ҳам маҳаллий ўзбек ёшлари ҳаракатнинг таъсирига тушиб боришмоқда.

"Бошқа томондан, бунга ёшлар орасидаги ишсизлик ҳолларининг ўта юқори экани сабаб бўлмоқда", дейди мухбиримиз.

Унга кўра, бунга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки бошқа исёнчи гуруҳларга алоқадорлик гумони билан қўлга олинаётган аксарият шахсларнинг маҳаллий ёшлар экани далолат қилади. (Мухбиримиз Мубин Ғафурий билан суҳбатимизни тинглаш учун плейерни ўйнанг).

Покистондаги айрим таҳлилчилар ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг сони янада ортаётганини айтишади.

Уларга кўра, ҳаракат Покистон ва Афғонистондан туриб, Марказий Осиё давлатларидан янги аъзоларни ёллашга ҳам уринмоқда.

Агар ҳаракатнинг ўз инсоний талофатларига оид ўтган йили эълон қилган рўйхатига қаралса, уларнинг аксарияти Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Афғонистон, Покистон ва Олмониядан бўлишган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати

Гуруҳнинг фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган экспертларга кўра, уларнинг бугунги фаолиятларига оид янги ва 100 % ишончли маълумот йўқ.

Аммо уларнинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётганликларига оид хабарлар бор.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бундан 10 йил бурун Афғонистоннинг Америка бошчилигидаги ишғоли ортидан Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларига қочиб ўтишга мажбур бўлишганди.

НАТО ҳам ўтган бир неча йил давомида Афғонистоннинг Қундуз дохил қатор шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг лидерлари ва аъзоларини ўлдиргани ёки қўлга олганини даъво этиб келади.

Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор.

Ҳаракатнинг фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган покистонлик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, сўнгги йилларда улар Афғонистон орқали Марказий Осиё чегараларига яқинлашишга уринишмоқда.

Аммо, шуниси аёнки, йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг фаолияти анча заифлашган ва ҳужумларининг суръатию кўлами ҳам аввалгидек эмас.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сонини бир неча юзта дейиш мумкин.

Тоҳир Йўлдошнинг ўлимидан бир йил ўтиб, 2010 йилнинг сентябр ойида унинг куёви Усмон Одил Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг раҳбари этиб тайинланган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистон ва Афғонистонда Толибон ҳаракати ҳамда "Ҳаққоний" жангари гуруҳининг қўллови билан ҳаракат қилишади.