Бирма: 'қонли тўқнашувларга сабабчи мусулмонлар устидан ҳукм чиқарилди'

Бирманинг ислоҳотчи Президенти Тейн Сейн бу мамлакатда нишонланаётган янги йил муносабати билан Бирма халқига мурожаат билан чиққан, ўз мурожаатида у диний бирдамликка чақирган.

Собиқ генерал, Бирмани ҳарбий хунта назоратидан чиқариб, демократлаштириш сиёсатини бошлагани учун дунё бўйлаб мақтовларга сазовор бўлаётган Тейн Сейн демократлаштириш жараёни мушкулликларга дуч келаётганини айтган.

Мамлакатнинг демократиялаш йўлидаги қадамлари "тарқоқлик, конфликт ва беқарорликлар" билан рўпара келмоқда, деган Бирма президенти.

Президент Тейн Сейн Бирмаликларни диний сабр-тоқатлиликка чақирган.

Бирма раҳбарининг ушбу мурожаати Мейтила шаҳридаги маҳкама уч мусулмонни 14 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилиши ортидан эълон қилинмоқда.

Улар Мейтила шаҳаридаги заргарлик буюмлари дўкони соҳиби, унинг рафиқаси ва сотувчисидир.

20 март куни Бирма марказидаги Мейтила шаҳрида буддойилар билан мусулмонлар ўртасида келиб чиққан зўравонликлар 40 дан ортиқ инсон ўлимига сабаб бўлган, бутун бошли мусулмонлар маҳаллаларининг кули кўкка совурилиб, 12 мингдан ортиқ мусулмон бошпанасиз қолганлар.

Бу зўравонликлар мусулмон заргарлик дўконидан бошлангани хабар қилинган.

Хабарларга кўра, тилло соч тўғноғич устидан буддойи харидор билан мусулмон дўкон соҳиби устида машмаша келиб чиққан, кейин дўкон эгалари харидорни калтаклаганлар.

Бундан олдин бир буддойи руҳоний калтакланиб шифохонага ётқизилгани, у кейинроқ шифохонада ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинган.

Ушбу икки ҳодиса ҳақидаги овоза буддойиларни ғазаблантирган ва мусулмонларга, уларга тегишли дўконлар, хонадонлар ва масжидларга ҳужум қилиш бошланган.

Зўравонликлар кенгайиб кетди, Мейтилада ва яна уч шаҳарда комендантлик соати жорий этишга тўғри келди.

Прокурорларга кўра, Мейтиладаги тартибсизликларда иштирок этган деб гумон қилинган ўнлаб кишиларга қарши жиноят ишлари очилган.

Улар орасида буддавийлар ҳам, мусулмонлар ҳам борлигини айтишган прокурорлар.

Бирма Президенти Тейн Сейн ҳукумат "сиёсий бузғунчилар ва диний экстремистларни тўхтатиш учун керак бўлса куч ҳам ишлатиши" ҳақида огоҳлантирган.

"Зўравонликларнинг ҳамма гижгижловчилари қонун олдида тўла жавоб берадилар", деб айтган Президент Тейн Сейн.

Ўтган йили кузида Бирманинг Рахине штатида мусулмонлар билан буддойилар ўртасида қонли тўқнашувлар юз берган, оқибатда 200 га яқин инсон нобу бўлгани хабар қилинган.

Ўн минглаб мусулмонлар ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлганлар.

Рахине штатидаги Рохиня мусулмонларига Бирма фуқаролиги берилмаган, Бирма расмийларига кўра, улар бошқа жойлардан келиб у ерга ўрнашганлар.

Қонли ҳодисалар ортидан ўтган ойлар ичида кўплаб Рохиня мусулмонлари зўравонликлар такрорланишидан қўрқиб кетишга мажбур бўлдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ