Очлик эълон қилган Гуантанамо маҳбуслари соқчилар билан тўқнашган

Очлик эълон қилган маҳбусларни умумий бўлмадан алоҳида камераларга ўтказишга ҳаракат қилинган пайтда қўриқчилар билан маҳбуслар ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

АҚШ армияси сўзчисига кўра, тутқунликда сақланаётганлар кузатув камералари ва деразаларни бекитиб олганлар, шундан кейин уларни умумий бўлмадан чиқаришга қарор қилинган.

Америкалик ҳарбийларга кўра, Гуантанамо маҳбуслари соқчиларга қарши қўлбола қуролларни ишга солганлар.

Маҳбусларнинг полни тозалайдиган таёқча ва пластик идишларидан ясаб олган қўлбола тўқмоқлари билан умумий бўлма ичига кирган ҳарбийларга ҳужум қилганларни айтилмоқда.

Ҳарбийлар эса инсон ҳаётига хавф солмайдиган қуролларни ишга солишга мажбур бўлганлар.

АҚШ армиясининг Жанубий Қўмондонлигидан капитан Роберт Дуранд сўзларига кўра, "қўриқчи ёки маҳбуслар орасида жиддий жароҳатланганлар бўлмаган".

Ассошиейтед Пресс ахборот агентлиги полковник Грег Жулиандан иқтибос келтирган, у "мен бир маҳбусни уришганини биламан, бироқ жароҳатлари кичкина, фақат тилиниш" деб айтган.

Гуантанамо маҳбусларининг ҳимоячилари ҳарбийларнинг амалларини қоралаганлар.

Бир неча маҳбус манфаатини ҳимоя қилаётган адвокат Карлос Уорнернинг Ассошейтед Пресс ахборот агентлигига айтишича, ҳарбийлар ўзларининг бу амаллари билан конфликтни янада кучайтирмоқдалар.

Пентагонга кўра, Гуантанамода сақланаётган 43 маҳбус очлик эълон қилган.

Бироқ тутқунларнинг адвокатларига кўра, овқат ейишдан бош тортганларнинг сони бундан кўп.

Америкалик ҳарбий манбаларга кўра, ўнлаб маҳбуслар мажбуран овқатлантирилмоқда.

Гуантанамода сақланаётган маҳбусларнинг феврал ойи бошида ўзларининг шахсий буюмлари тортиб олингани ва Қуръон таҳқирланганига қарши очлик эълон қилганлари хабар қилинган.

Америкалик ҳарбийлар Қуръон таҳқирланганини рад этадилар.

Гуантанамода очлик амалиётлари тез-тез юз бериб туради, бироқ бу галгиси энг узоқ давом этган ва унда кўп маҳбус киши иштирок этган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва адвокатларга кўра, очлик амалиёти АҚШ ҳарбийларининг маҳбуслар келажаги борасида бир қарорга келмаганлари туфайли юзага чиққан ғазаб натижасидир.

Кубанинг Гуантанамо бўғозидаги АҚШ ҳарбий қамоқхонасида 166 маҳбус ушлаб турилгани хабар қилинади.

Гуантанамо ўзининг илк тутқунларини 2002 йилда қабул қилган.

Уларнинг аксари АҚШга 2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан кейин бошланган аксилтеррор амалиётлари чоғи қўлга олинганлар.

Гуантанамода ушлаб турилган 100 га яқин шахс бўйнига қўйилган айбловлар олиб ташланган, бироқ АҚШ Конгресси жорий этган чекловлар ҳамда ватанларига қайтадиган бўлсалар келажаги борасидаги хавотирлар сабабли ҳамон ушлаб турилиптилар.

Бу мавзуда батафсилроқ