ФҚБ Бостондаги “террор” портлашларини текширмоқда

Бостон марафони якунида рўй берган икки портлаш юзасидан текшириш ишлари давом этмоқда.

Портлашлар оқибатида уч киши қурбон бўлган ва камила юз қирқ киши жароҳатланган.

Федерал Қидирув Бюроси текширувлар назоратини ўз зиммасига олган ва портлашлар “эҳтимолий террорчилик амали” ўлароқ қабул қилинаётганини билдирган.

Бостон полицияси ҳозирда барча таътилларни бекор қилгани ва сурункасига ишлаётганини маълум қилган.

Камида 17 кишининг жароҳати оғир экани айтилмоқда.

Президент Барак Обама телевизион мурожаатида айни ҳужумга маъсуллар топилиши ва адолат ҳукмига ҳавола этилишини урғулаган.

"Биз бу портлашлар ортида кимлар турганини топамиз, улар нима учун бу амалга қўл урганини аниқлаймиз”, деб айтган Обама жаноблари.

“ Айни амалларга маъсул ҳар қандай шахс ва ё гуруҳ тўлалигича қонун олдида жавоб беради”, деган Америка раҳбари.

Обама жаноблари “терроризм” калимасини ишлатмаган бўлса ҳам, кечроқ Оқ уй воизи “ бир неча портловчи ускуна билан боғлиқ бу амал – террор амали, унга террор амали ўлароқ муносабат қилинади”, деб айтган.

Марафонда портлаш

Image caption Одамлар саросимада

Илк портлаш маҳаллий вақт билан 14:50 да рўй берган. Икки соат аввал ғолиблар марафон якуни чизиғидан ўтишган бўлган.

Одамлар ваҳимага тушишган. Айрим югурувчилар йиқилганлар. Полиция ва томошабинлар ёрдамга шошилишган.

Орадан лаҳзалар ўтиб иккинчи портлаш рўй берган.

Бу гал портлаш томошабинларга яқин, марафон якунидан нарироқда содир бўлган.

Телевизион лавҳаларда қонга беланган югурувчилар ва томошабинлар кўрсатилган.

Қутқарувчилар томошабинлар ва марафон йўлагини ажратиб турган муваққат панжара тўсиқларни синдириб ёрдамга шошилганлар.

Илк матбуот анжуманида Бостон полицияси раҳбари Эдвард Девис “мулозимларга бу воқеа рўй бериши эҳтимоли юзасидан ҳеч қандай жосуслик маълумоти маълум бўлмаганини “ айтган.

У бостонликларни имкон қадар уйда бўлиб туриш ва одамлар тўпланадиган ерлардан узоқроқ юришга даъват қилган.

Иккинчи матбуот анжуманида у қурбонлар сони уч нафар бўлгани ва портлашлар юзасидан ҳеч ким ҳибсга олинмаганини айтган.

Массачусетс губернатори Девал Патрик юздан ортиқ инсон жароҳатлангани ва айримларнинг вазияти оғир эканини маълум қилган.

Бостон марафони дунёнинг энг қадим марафонларидан бири саналади.

Америка спорт ўйинларида Супер Боулдан кейин иккинчи йирик маросим саналган марафонни мамлакат медиаси кенг ёритиб келади.

Британияда ҳам Якшанба куни кечадиган Лондон марафонида хавфсизлик чоралари қайта кўриб чиқилиши айтилган.

Ҳурматли ўқувчилар!

Сиз Бостондаги портлашлар шоҳиди бўлсангиз биз билан боғланишингиз мумкин. Шаҳардаги сўнгги вазият ҳақида таасуротларини ва ҳикояларни ўртоқлашиш ниятида бўлганлар учун телефонимиз +44(0) 20 361 43711. Еmail: uzbek@bbc.co.uk