Терговчилар Джохар Царнаевни сўроқ қилишлари кутилаяпти

Image caption Джохар Царнаевнинг касалхонадаги аҳволи оғир, аммо барқарор экани айтилади

АҚШда юқори даражали терговчилар гуруҳи Бостон марафони портлашларининг ягона омон қолган гумондорини сўроқ қилиши кутилади.

19 ёшли Джохар Царнаев жума куни Уотертаун шаҳридаги уйларнинг бирида сақланган кема ичида оғир яраланган ҳолда топилган ва ҳибсга олинганди.

У ҳозирда қуролли қўриқчилар назорати остида касалхонада ушлаб турилибди. Массачусетс губернатори Девал Патрик унинг аҳволи барқарор экани, лекин ҳали мулоқот қилишга қодир эмаслигини билдирган.

Унинг акаси Тамерлан полиция билан чиққан отишма ортидан ҳалок бўлганди.

Ўтган душанбада Бостон марафони финиш чизиғи яқинида портлаган икки бомба уч кишини ўлдирган ва 170дан ортиқ одамни жароҳатлаганди.

Пайшанба куни ака-ука гумондорларни топиш учун бошланган полиция амалиёти чоғида полиция зобити Шон Коллиер отиб ўлдирилган. Тамерлан Царнаевни қаттиқ яраланган отишмада бир трранспорт ходими ҳам оғир жароҳат олган.

Шанба куни Президент Обама Бостондаги воқеаларни муҳокама қилиш учун энг юқори даражали хавфсизлик маслаҳатчилари билан учрашган.

У ҳужумчиларнинг мақсади нима бўлгани ва уларга кимдир ёрдам бергани ё бермаганини аниқлашга ваъда берган.

"Миллионта савол"

Джохар Царнаевни жума оқшомида оддий фуқаро ўзининг томорқасида сақланган кеманинг ичида топган. У бу пайтда қаттиқ яраланган бўлган ва сўнгра полиция билан чиққан отишмада янги жароҳатлар олган.

Террор гумондорларини сўроқ қилишга ихтисослашган Юқори даражали Тергов Гуруҳи номли бўлим мутахассислари Бет Исроил Диконес Тиббий марказида гумондорнинг муолажа олиб, ўзига келишини кутишмоқда.

Касалхона ташқарисида бўлган Би-би-си мухбири Дейвид Уиллис гумондор бўйни ва оёғига ўқ егани ва кўп қон йўқотганини билдирган. Демак, терговчилар уни сўроқ қилишидан аввал анча вақт ўтиши мумкин.

Си-Би-Эс Нюс терговчилардан иқтибос келтириб, гумондор ўз бўйнига ўқ узиб ўз жонини олишга ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Прокурорлар ўсмир қандай айбловларга юз тутиши мумкинлиги борасида иш олиб боришмоқда.

Федерал қонунларига биноан, одамларни ўлдириш мақсадидад оммавий қирғин қуролидан фойдаланиш айбига ўлим жазоси белгиланган. Аммо, Массачусетс штатида ўлим жазоси қўлланилмайди.

Шанба куни Губернатор Патрик мухбирларга барча гумондорнинг омон қолишига умид қилаётганини айтди.

"Мен ҳам, барча ҳуқуқ-тартибот мутахассилари ҳам гумондор омон қолади деб умид қилаяпмиз, чунки бизда миллионта савол бор, ва бу саволларга жавоб олишимиз керак", - деди у.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари шикоятига кўра, расмийлар ўсмирни унга Миранда ҳуқуқларини ўқиб эшиттирмасдан сўроқ қилишмоқчи. Миранда ҳуқуқларига кўра, гумондорга ҳимоячи ва сукунат сақлаш ҳуқуқи борлиги ўқиб эшиттирилиши керак.

Терговчилар "жамоатчилик хавфсизлиги" даъвоси билан Миранда ҳуқуқларини бекор қилишлари мумкин,бироқ Америка Фуқаролик эркинликлари иттифоқига кўра, бу даъво фақат муқаррар таҳдидларга нисбатан ишлатилиши мумкин.

Республикачи Сенаторлар Жон Маккейн ва Линдзи Грейем Джохар Царнаев "душман жангчиси" сифатида кўрилиши ва шунинг учун жиноий айбланувчига бериладиган ҳуқуқлардан мустасно қилиниши кераклигини айтганлар.

"Биз ҳозирнинг ўзида бу гумондордан ҳужум қандай содир бўлгани ва келажакда яна нималар юз бериши мумкинлиги борасида маълумотни олишга асосий эътиборни қаратишимиз керак", - дейилади уларнинг баёнотида.