Бостон портлашлари гумондорлари онаси АҚШга ҳижрат қилганидан афсусда

Бостон шаҳрида бомба ҳужумларини содир этишда гумон этилган ака-ука Царнаевларнинг онаси ўн йил муқаддам оиласи Америкага ҳижрат қилганидан пушаймон эканини айтган.

Ҳозир Доғистон пойтахти Махачкалада истиқомат қилаётган Зубайдат Царнаева матбуот анжумани ўтказиб, "Америка фарзандларимни мендан олиб қўйди," деб айтган.

Зубайдат фарзандларининг бомбалашларга алоқадор эмаслигига унинг ишончи комил эканини айтган.

Аввалроқ Бостон портлашлари гумондорларидан бири - унинг тўнғич фарзанди номи 18 ой олдин Марказий Жосуслик Хизмати сўрови билан террор гумондорлари рўйхатига олингани хабар қилинганди.

Ўн кун муқаддам Бостон марафони чоғида қўшалоқ портлаш содир этилиши натижасида уч киши ҳалок бўлган ва 260 нафардан зиёд одам яраланган эди.

"Кошки Америкада яшамасайдик. Нимагаям у ерга бордим-а?" - дея афсус билдирган Царнаева хоним пайшанба куни Махачкалада ўтказилган матбуот йиғинида.

"Мен Америка бизни ҳимоя қилади, деб ўйлаган эдим. Америка фарзандларимни мендан олиб қўйди... Менинг ишончим комил, фарзандларимнинг ҳеч нарсага алоқаси йўқ," - деб айтган Зубайдат Царнаева.

Унинг 26 ёшли тўнғич ўғли Тамерлан Царнаев Бостон портлашларидан бир неча кун ўтиб полиция билан бўлган отишмада ҳалок этилганди.

Унинг 19 ёшли укаси Жоҳар Царнаев ҳибсга олинган ва ҳужумга алоқадорликда айбланган.

Гумондорлар отаси Анзор Царнаев пайшанба куни Қўшма Штатларга йўл олишини айтган.

Царнаевлар ҳалок этилган фарзандлари жасадини Россияга келтиришларини маълум қилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ