'Курдистон Ишчилар партияси жангарилари Туркиядан олиб чиқилади'

Image caption Абдулла Ўжалан ҳамон Курдлар учун "қарор қабул қилувчи" бўлиб қолмоқда.

Курдистон Ишчилар партияси - ПККнинг ҳарбий лидери Мурат Қарайилан эълон қилишича, Курд жангарилари Туркия ҳудудидан Май ойи бошларида чиқиб кетадилар.

Бу ҳақда Мурат Қарайилан Ироқ Курдистонининг Қандил тоғларидаги ўзларининг қароргоҳига журналистлар учун ташкил этилган брифингда эълон қилган.

Туркия ва бошқа хорижий оммавий ахборот воситаларининг 50 дан ортиқ журналисти Ироқнинг Ирбил шаҳридан жангарилар масканига олиб кетилганлар, журналистларнинг қўлларидаги мобил телефонлари вақтинча олиб қўйилган.

Бирорта ҳам телевизион тасвирга олиш гуруҳи таклиф қилинмаган.

"Олиб чиқиш босқичма-босқич қилиб режаланган... ва имкони борича тез якунига етказилади", деб айтган Мурат Қарайилан.

Ушбу баёнот Курдистон Ишчилар партиясининг ҳибсдаги раҳбари Абдулла Ўжалан Анқара билан сулҳ музокараларининг бир қисми сифатида оташкесим эълон қилгани ортидан янгради.

Бироқ бирор бир ҳужум, амалиёт ёки бизнинг жангчиларимизни бомбалаш юз берадиган бўлса, олиб чиқиш шу заҳоти тўхтатилади ва бизнинг кучларимиз шунга яраша жавоб қайтаради", деган ПКК ҳарбий раҳбари.

Курдистон Ишчилар партияси бу борадаги ўзининг баёноти матни нусхаларини тарқатган.

Би-би-си Турк хизмати ихтиёрига келиб тушган баёнотда ўттиз йиллик можарони ҳал этишнинг уч босқичлик режаси илгари сурилади.

Жумладан, ПКК Туркия тупроғидан ўз кучларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетади.

Туркия ҳукумати томонидан конституционал ўзгартиришлар амалга оширилади.

Абдулла Ўжалан ва бошқа Курд жангарилари қамоқхоналардан буткул озод этилганларидан кейин Курдистон Ишчилар партияси қуролларини тўла ташлайди.

Шу йил март ойида ПКК раҳбари Абдулла Ўжалан сулҳга чақирган ва Курдистон Ишчилар партияси "энди қуролли қаршиликдан демократик сиёсий кураш даврига қадам қўйиши" ҳақида айтганди.

Ушбу баёнот Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан эҳтиёткорлик билан олқишланган.

Мухбирларга кўра, Курдистон Ишчилар партияси бундан олдин ҳам отакесимлар эълон қилган ва ўт очишни тўхтатиш баёнотлари бузилган.

Бироқ бу сафар Туркиядаги кўпчилик сўнгги баёнотга некбинлик билан қарамоқда, дейди Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Жеймс Рейнолдс.

Шу кунларда Туркия парламенти янги конституция лойиҳасини муҳокама этмоқда.

Би-би-си мухбири хабар қилишича, Турк ва Курд раҳбарлари 1920 йилда Мустафо Камол Отатурк чизиб берган дунёвий давлат асосларини муҳокама этиш йўлларини изламоқдалар.

Курдистон Ишчилар партияси Туркия аҳолисининг 20 фоизини ташкил этадиган Курдлар учун кўпроқ мухторият талаб қилган.

ПКК Туркия, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи томонидан Туркия хавфсизлик кучлари ва тинч фуқароларга қилган ҳужумлари учун террорист ташкилот деб эълон қилинган.

Мухбиримизга кўра, Туркия қамоқхонасида 14 йилдан буён сақланиб келаётганига қарамасдан, Абдулла Ўжалан ҳамон Курдлар учун "қарор қабул қилувчи" бўлиб қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ