Британия: "Сурияда кимёвий қуроллар қўллангани борасида далиллар кўпаймоқда"

Кимёвий қуроллар ишлатилгани борасида деб даъво қилинган YouTube порталидан видеодан олинган сурат
Image caption Кимёвий қуроллар ишлатилгани борасида деб даъво қилинган видеодан олинган сурат

Британия Бош вазири Девид Камерун Сурия қўшинлари кимёвий қуроллар ишлатгани борасида далиллар "чекланган, аммо ўсиб бораётган"ини айтган.

"Бу ўта даражада жиддий, уруш жинояти", деб айтган Камерун жаноблари Би-би-си билан суҳбатда.

Пайшанба куни Оқ Уй Қўшма Штатлар жосуслик хизматлари орасида Сурия гази сарин қўллагани борасида "турли даражали ишонч" борлигини маълум қилган ва БМТни айни хабар юзасидан тўла текширув ўтказишга чақирганди.

Оқ Уй газ "кичик кўлам"да ишлатилганини айтган, бироқ ҳодиса қачон ва қайси минтақада юз бергани борасидаги тафсилотларни бермаган.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати сўнгги жосуслик маълумотлари кимёвий қуроллар ҳақиқатда ҳам ишлатилганига далил бўлолмаслигини қўшимчақ қилган.

Британия Бош вазири Девид Камерунга кўра эса, кимёвий қуроллар қўлланилгани ҳақидаги огоҳлантиришлар Сурия можаросига эҳтимолий халқаро аралашув учун туртки бўлиши мумкин.

Аммо, у Сурияга Британия қўшинларини боришини истамаслигини айтган.

Айни пайтда Сурия мухолифати фаоллари Дамашқ шимолида исёнкорлар ва оғир қуроллардан фойдаланаётган ҳукумат қўшинлари билан жанглар кечганини хабар қилишган.

Бу мавзуда батафсилроқ