Қошғардаги зўравонлик ортидан Хитой раҳбари террорчига шафқат йўқлигини айтди

Америка ҳукумати уйғур мусулмонлари жамоаси ҳуқуқлари камситилаётганидан хавотир билдирди
Image caption Америка ҳукумати уйғур мусулмонлари жамоаси ҳуқуқлари камситилаётганидан хавотир билдирди

Хитой Президенти Ши Жинпинг террорчиларга раҳм-шафқат қилинмаслиги кераклигини айтган.

Унинг бу сўзлари ўтган ҳафта Хитой ғарбидаги Шинжон вилоятида юз берган қонли зўравонликлар ортидан янграган. 23 апрел куни Қошғар шаҳрининг Бачу туманида юз берган тўқнашувларда 21 инсон ҳалок бўлганди.

Улардан ўн беш нафари полиция ва ҳукумат мулозимлари бўлишган.

Хитой расмийларига кўра, бу "зўравон террорчи гуруҳнинг олдиндан режалаган ҳужуми бўлган.

Аммо, Қўшма Штатлар ҳукумати Шинжондаги уйғур мусулмонларининг таҳқирланишидан чуқур ташвишда эканини айтган.

Би-би-си мухбири Дамиан Грамматикас зўравонликларга саҳна бўлган Шинжон вилоятига сафар қилган:

Хитой узоқ шарқидаги кичик Селибуя шаҳарчаси бозори жуда шовқин ғала-ғовурга тўла жой. Мусулмон уйғур эркаклари кабоб пиширишади, ҳижоб ўраган аёллар эса, мева-чева сотишади.

Қуролли полиция зўравонликларга саҳна бўлган жойни қўриқламоқда.

Ўтган ҳафта мазкур нуқтада ҳукумат талқинига кўра, полиция террорчилар ҳужумини бартараф этганди.

Расмий хабарларда 15 нафар ҳукумат ходими ва полициячи ҳалок этилгани айтилади. Улардан баъзилари пичоқланган, баъзилари эса, отиб ташланган.

Аммо, биз ҳодисани умуман ўзгача ҳикоя қиладиган гувоҳларни топдик. Маҳаллий аҳоли вакилларига кўра, келишмовчиликлар олдиндан бўлган.

Хитой ҳукумати диндорлардан соқолларини, аёллардан эса, ҳижобларини олиб ташлашга уринган.

"Биз бир яраланган одамни кўрдик. Унинг қўлида чопқи бор эди. У бир полициячини ортидан қувларди. Унинг оёғидан отишганди, йиқилиб тушди. Кейин кўплаб полиция ходимлари уни ўраб олишди. Полициячилар уни пичоқлаб ташлашди. Яна қўлларида болта ва пичоқ ушлаган уч киши бор эди. Полиция уларни ҳам отиб ташлашди", дейишади гувоҳлар.

Шинжоннинг ўн миллион уйғур аҳолиси кўпи Хитой ҳукмронлигидан ғазабда ва ушбу тузум остида ўз диний ҳақ-ҳуқуқлари чекланаётгандек ҳис қилишади.

Америка ҳукумати ҳам уйғур мусулмонлари жамоаси ҳуқуқлари камситилаётганидан хавотир билдирди.

Аммо, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Хуа Чунйингга кўра, Бостон ҳужумлари мисолида Америка иккиюзлама сиёсат юритаётганини кўриш мумкин.

"Хитой барча этник гуруҳлар ҳақ-ҳуқуқлари, жумладан, уларнинг диний ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлайди. Қўшма Штатлар нафақат террорчилик амалларини қораламайди, балки Хитойнинг миллий сиёсатига нисбатан масъулиятсиз даъволарни илгари суради", - дейди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи.

Танқидчилар сўзларига кўра, Хитой этник сиёсати қаттиққўллик билан олиб борилади. Бу эса, ўз навбатида норозиликлар ва зўравонликларни кучайтирган.

Бу мавзуда батафсилроқ