Хитой полицияси Шинжондаги ҳужумларга алоқадор шахсларни ҳибсга олди

Image caption Хитой полицияси Шинжонда хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Хитой полицияси 23 апрел куни мамлакат ғарбидаги Шинжон минтақасида 21 инсон умрига зомин бўлган ҳужумларга алоқадор "бир гуруҳ террорчилар"ни ҳибсга олганини маълум қилди.

Қурбонлар орасида олти ҳужумчидан ташқари 15 нафар полиция ходими ва ҳукумат мулозимлари бўлган.

Қошғар префектурасидан матбуотга гапирган Жамоат Хавфсизлиги вазирининг муовини Менг Хонгвейга кўра, полиция портловчи ускуналар, қурол-яроқлар ва Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатининг байроғини топган.

Хитой расмийлари ўтган сешанба куни маҳаллий ҳокимият ходимлари қурол-яроғ қидириб, уйларда тинтув ўтказаётган пайти "қуролли банда" ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатган эдилар.

Уч ҳокимият ходими "маҳаллий резидентнинг уйида шубҳали шахслар ва пичоқларни аниқлаганларидан кейин улар гаровга олинган", дейилади Шинжон маъмурияти веб-сайтидаги хабарда.

Жаноб Менг ҳибсга олинганлар қайси этник гуруҳга тааллуқли эканини айтмаган, бироқ ҳужумчиларни жамоатчилик тинчлигига раҳна солувчи ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.

Бироқ хориждаги уйғурлар ташкилотлари Пекиннинг минтақада террорчи гуруҳ фаолият юритаётгани ҳақидаги даъволарини рад этган.

Олмонияда жойлашган Дунё Уйғурлари Конгрессига кўра, полиция маҳаллий аҳоли уйларини тинтув қилаётган пайти ёшларни ўққа тутган.

Шинжон минтақасида яшовчи миллионлаб уйғурлар Пекинни уларнинг диний ва маданий ҳаётида чекловлар ўрнатганликда айблашади.

Аммо Хитой ҳукумати миллий озчиликларга адолатли муносабатда бўлишини ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфлашини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ