Прагада юз берган портлашда кўплар яраланган

Image caption Қутқарувчилар харобалар остини қидиришмоқда

Чехия пойтахти Прагада йирик портлаш юз бериб, марказдаги катта бинога шикаст етказган.

Диваделни кўчасидаги портлаш юз берган ҳудудни полиция ўраб олган.

Портлашда, қутқарувчиларга кўра, қирққа яқин одам жароҳат олган.

Прага ҳокими радио орқали чиқишида уч киши харобалар остида қолиб кетганини айтган.

Атрофдаги биноларнинг деразаларини чилпарчин қилган портлаш, полиция башорат қилишича, газ сизиб чиқиши туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.

Ҳодиса жойи Влтава дарёси ва Миллий театрдан бир неча метр масофада жойлашган.

Қўшни бинолар ҳозирда эвакуация қилинган.

Полиция воизи портлаш вақтида бинода 15 нафарча одам бўлганини билдирди.

Бинода Халқаро ҳаво нақлиёти уюшмаси ва санъат галереяси жойлашган.

Айни бинонинг бошқа бир қисмида фильм билимгоҳи ва Карлов Университетининг ижтимоий фанлар факультети жойлашган.

"Биз жуда кучли портлашни эшитдик, бино қимирлаб, деразалар титраб кетди", - деб айтди портлашга гувоҳ бўлган Ярослав Фалтус Би-би-сига.