Нидерландия қироличаси тахтини ўғлига топширди

Image caption Тожни топшириш маросимида Оврўподаги қироллик оилалари иштирок этишди

Амстердамда Нидерландиянинг 75 яшар қироличаси Беатрикснинг тахтдан воз кечишига бағишланган расмий маросми бўлиб ўтди. Беатрикс ўз қироллик тожини ўғли Оранск шаҳзодаси Виллем-Александрга топширди.

46 ёшли Виллем-Александр 1890 йилда вафот этган Виллема III ортидан тахтга кўтарилган илк эркак қиролга айланди. Ўшандан буён Нидерландияни фақат қироличалар бошқараётган эди.

Беатрикс Нидерландия қироллиги тахтига 1980 йилда ўтирган эди.

Қиролича тахтдан воз кечиш нияти ҳақида январ ойида эълон қилганди. Ўшанда у тахтни янги авлодга топшириш вақти етгани ва ўғли мамлакатни идора этишга тайёр эканини айтганди.

Қисқа маросим

Беатрикс Амстердамдаги қироллик саройида бўлиб ўтган қисқа маросимда расман тахтдан воз кечди.

Янги қирол Nieuwe Kerk черковига қасамёд келтиради ва сўнгра парламентнинг қўшма мажлиси бўлиб ўтади.

Тахтдан воз кечиш маросимида Оврўподаги қироллик оилаларидан кўплаб вакиллар иштирок этди: Уэлс шаҳзодаси Чарлз ва рафиқаси, Испаниядан шаҳзода Фелипе ва малика Летиция ва Даниянинг ворис шаҳзодаси Фредерик ва турмуш ўртоғи.

Шаҳзода Виллем-Александр уйланган ва уч фарзанди бор.

Унинг хотини Максина Аргентинада туғилган.

Қиролича Беатрикс Оранск– Нидерландияни XIX аср бошидан буён идора этаётган Нассау сулоласининг олтинчи ҳукмдоридир.

Ҳолланд анъанаси

Охирги ўн йилликларда тахтдан воз кечиш Нидерландияда анъанага айланди.

Қиролича Беатрикснинг онаси, қиролича Юлиана тахтдан 1980 йилда 70 ёшида воз кечганди. Унинг бувиси, қиролича Уилгелмина тахтдан 1948 йилда 68 ёшида тахтдан воз кечганди.

Қиролича Беатрикс 31 январда 75 ёшга тўлди.

Қиролича Беатрикс мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол рол ўйнади. Аммо унинг қироличалиги фожиалардан ҳоли бўлгани йўқ.

2009 йилда монархияга қарши бир шахс ўз автомобилида қиролича ва оиласини томоша қилгани тўпланган оломонга бориб урилиши оқибатида 8 нафар инсон ҳалок бўлди.

2012 йил март ойида эса унинг иккинчи ўғли, шаҳзода Фризо, Австрияда қор кўчкиси остида қолди. У ҳозир ҳам кома ҳолатида ётибди.

Бу мавзуда батафсилроқ