АҚШ: Илк аҳоли одам гўшти еган

Image caption Бош суягига қараб қизнинг юзини мана шундай қайта тиклашди

АҚШ олимларининг билдиришича, Жеймстаунга кўчиб келган илк инглизлар 1609 йилнинг қаттиқ қишида одам гўшти ейишга мажбур бўлганлар.

Улар мурдаларни сўйиб ейишган ва қолдиқларни чиқинди ўраларига ташлашган.

Олимлар 14 яшар ўспирин қизнинг тос суяги ва бош чаноғини ўрганиб шундай хулосага келмоқдалар.

Ўз пайтида Жеймс Порт деб аталган бу масканга инглизлар 1607 йили кўчиб келишади. Аммо ҳали яхши ўрнашмаган келгиндилар орадан икки йил ўтиб-ўтмай қақшатқич қишга дуч келадилар.

"Суякдаги излар ва аломатлар унинг чопилгани ва эти устихонидан шилиб олинганини кўрсатади" - дейди Вашингтондаги табиат музейи мутахассиси Дауг Оуслей.

Оч қолган одамлар қаттиқ қиш палласида одам гўшти ейишгани ҳақида ҳужжатлар бор эди. Лекин буни истботловчи далиллар топилмаганди.

Тил ва мия ейилган

"Унинг суяги ва бош чаноғида бир нечта чопилган ва кесилган излар бор" - дейди Доктор Оуслей - "Пешона суяги ва орқа энсаси чопилган. Бош чаноғининг чап тарафидан нишдек нарса тиқиб, мияни чиқариб олишган".

Бош суягига қараб ўспириннинг тили ва юзи кесиб олингани аниқланган.

Image caption Тўрт аср олдин бу гўшадаги инглиз келгиндилари одам гўшти ейишга мажбур бўлганлар

"Мия, тил ва юз этини олиб ейишган ва шу асно жон сақлашга мажбур бўлганлар" - дейди олим Оуслей.

Шунингдек, суякдаги аломатлар бу ишни қилган одам моҳир қассоб бўлмаганини ёки истар-истамас, мажбурликдан шу ишга қўл урганини кўрсатади.

Жасадни истеъмол учун майдалаган одам аёл киши бўлгани эҳтимоли ҳам айтилмоқда. Чунки ўша пайтдаги келгиндилар аксар аёллардан иборат эди.

Ўспирин қиз қандай оламдан ўтгани маълум эмас, лекин унинг миясини олиб ейишга интилишганига қараб, майит совумасдан этини бўлашишгани тахмин қилинмоқда.

Суякларни ўрганиб унинг 14 яшар қиз бола эканлиги ва миллати инглиз бўлгани аниқланган.

Шунингдек, ўз пайтида яхши овқатлангани, кўп гўшт истеъмол қилганини ҳам олимлар ўрганишган.

Олимлар қизнинг бош суяги асосида унинг юзини қайта тиклашди.

Аммо 1609 йилнинг ўша машъум қаҳратон қишида одамлар неча кишини ейишгани аниқ эмас.

Бироқ 300 инсондан фақат 60 нафари эсон-омон қишдан чиққани маълум.