Рим Папаси Бангладеш корхоналаридаги “қуллик”ни қоралаган

Image caption Бангладешдаги корхоналарда шароитлар ўта ёмонлиги, ёнғин каби ҳодисалар тез-тез рўй бериши айтилади

Пойтахт Дакканинг чекка мавзесида жойлашган Рана Плаза биносида бешта тикув цехи жойлашан бўлиб, улар Ғарбдаги ширкатлар учун кийим-кечак ишлаб чиқарганлар.

Понтифик сўзларига кўра, у баъзи ишчилар ойига атиги 50 доллар ишлаб топганларини эшитиб ларзага келган.

“Худо бизга яратувчанлик, ишлаш, ўз-ўзини ҳурмат қилишдек ажойиб имкониятларни берганига қарамай, бугунги кунда шундай қуллик мавжуд”, - деб айтган Рим Папаси ибодат чоғида.

“Одилона маош тўламай, иш бермай, фақат фойдани кўзлаб, Худонинг иродасига қарши бораяпсиз”, - деди у Ватикан радиоси орқали эшиттирилган нутқида.

“Қотиллар осилсин”

Ҳозирда 410 одамнинг нобуд бўлгани аниқланган. Ҳодисадан бир ҳафта ўтиб, 140 одам ҳали ҳам топилгани йўқ.

2,5 минг одам жароҳат олган.

Бинонинг қулаши Бангладеш тарихидаги энг талафотли фожеа бўлди. Бино 600 тонна харобага айланган ва шу кунгача 350 минг тоннаси тўплаб олинган.

Чоршанба куни шахси аниқланган 30 қурбон дафн этилганлар.

Сешанба куни Даккада ўтган 1 май намойишларида қатнашчилар бино эгаси қатл этилишини ва ишчилар яхшироқ шароитлар билан таъминланишини талаб қилдилар.

Баъзи қатнашчилар “Қотиллар осилсин, корхоналар эгалари осилсин” деб ёзилган шиорларни кўтариб олгандилар.

Бино эгаси Муҳаммад Суҳал Рана корхонанинг раҳбарлари ва муҳандислар билан ҳибсга олинган. Улар бепарволикда айбланмоқдалар.

Ҳодисадан бир кун аввал бино девори дарз кетган, бироқ ходимларга ишга чиқиш буюрилган.

Бангладеш мухолифати раҳбари Холида Зиё ҳукуматни қурбонларнинг асл сонини яширишда айблади.

Нараянгаж саноат шаҳрида чиқиш қила туриб, у ҳодиса устидан назорат эртароқ армияга топширилганида, кўпроқ одамлар тириклайин сақлаб қолиниши мумкинлигини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ