Царнаевнинг қозоқ курсдошлари маҳкамага тортилган

Image caption Жоҳар Царнаев қозоғистонлик талабалар билан курсдош бўлган

Қозоғистонлик икки талабадан ташқари терговга юз тутаётган учинчи курсдош ҳам бор. Бу - Робел Филипос.

У терговчиларга ёлғон гапиришда айбланади. Робел ва икки нафар қозоқ талабаси айни пайтда Бостон ҳужумларини ташкиллаштиришда алоқадорликда айбланмаяптилар.

15 апрелда Бостондаги марафонда юз берган ҳужум уч кишини нобуд қилган ва 264 нафарини яралаганди.

19 ёшли талаба Джохар Царнаев портлашларни амалга оширишда айбланади. Унинг 26 ёшли акаси Тамерлан полиция билан отишмада ҳалок бўлганди.

Агар айбдор деб топилсалар, Қадирбаев ва Тажаяков беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилишлари ёки 250 минг долларлик жаримага юз тутишлари мумкин. Жаноб Филипос эса саккиз йиллик қамоқ жазоси ёки ўхшаш жаримага юз тутади.

Иккови ҳам 19 ёшда бўлган Тажаяков ва Қадирбаевлар далил-исботни йўқ қилишда айланадилар. АҚШ фуқароси Филипос эса ёлғон баёнотлар қилишда айбланмоқда.

Маҳкамадаги ҳужжатга кўра, Тажаяков ва Қадирбаев Царнаевнинг Массачусетс Университети ётоқхонасидаги хонасидан Федерал Қидирув Бюроси терговчилари келишидан икки кун аввал баъзи жиҳозларни олиб чиққанлар.

Телевизион хабарларда портлашлар гумондорлари кўрсатилганда, Қадирбаев Джохар Царнаевга телевизордаги гумондорга ўхшашини айтиб смс ёзган.

Царнаев эса "lol" (қаҳқаҳа отиб кулаяпман) ва “яхшиси менга смс ёзма” дея жавоблар берган.

Даъво қилинишича, Царнаев унга “Мен кетаяпман, хонамда сенга нимадир керак бўлса, олавер”, - дея смс ёзган.

ФҚБга кўра, Қадирбаев рюкзакда кукуни бўшатиб олинган мушакларни топганида, Царнаев бомбаларга алоқаси бор бўлганини билган.

Ҳужжатда айтилишича, Қадирбаев терговчиларга ўзи ва айбланувчи шериги сўнгра рюкзак ва мушакларни ахлатга ташлашга қарор қилганлари, чунки Царнаевга нисбатан муаммолар пайдо бўлишини истамаганларини айтганлар.

Қадирбаев рюкзак ва мушакларни бошқа чиқиндилар билан катта халтага солиб, ўзлари яшайдиган хонадонга яқин ахлатга улоқтиришганини билдирган.

Терговчилар кейинроқ рюкзакни чиқиндилар майдонидан топганлар.

Тажаяков ва Қадирбаевга вакиллик қилаётган ҳимоячи икковлон талаба визалари муддатидан ортиқ АҚШда қолганлари учун бир ҳафтадан ошиқ ушлаб турилганларини айтган.

Полиция ови чоғида яраланган Джохар Царнаев оммавий қирғин қуролларини ишлатишда айбланади. Айбдор топилса, у ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Касалхонада сўроқ қилинганда, у акаси билан АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги урушларидан ғазабланганларини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ