Бангладешдаги бино қурбонлари 500 дан ошган

Бангладеш расмийларига кўра, пойтахт Дакка яқинидаги қулаган фабрикаси биносининг қурбонлари сони 507 га етган.

Бу билан Бангладешдаги бино ҳалокати яқин тарихда энг кўп инсон умрига зомин бўлган бино қулаши бўлган.

Мухбирларга кўра, Нью-Йоркдаги 2001 йил 11 сентябр террорчилик хуружларини ҳисобга олмаганда, бундан олдин бино йиқилишида энг кўп ўлган инсонлар сони 502 нафар бўлган.

Бу ҳодиса 1995 йилда Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида "Сампонг" биноси қулаши бўлган.

Бангладеш ҳарбийлари хабар қилишича, "Рана Плаза" деб номланган бино қолдиқлари орасидан 3 май тонгигача яна 29 инсоннинг жасади чиқариб олинган.

Кўплаб инсонлар бедарак кетган.

Расмийларга кўра, бино йиқилиб тушиши оқибатида 2500 киши яраланган, 2437 инсон вайроналар орасидан қутқариб олинган.

Ушбу ҳодиса туфайли тўққиз инсон ҳибсга олинган.

Пайшанба куни полиция муҳандис Абдур Раззоқ Хонни ҳибсга олган.

Полицияга кўра, у бино соҳиби Муҳаммад Соҳел Рананинг маслаҳатчиси бўлган.

Муҳаммад Соҳел Ранани қонунга зид равишда бинога қўшимча қаватларни қўшиб қурдирганликда гумон этмоқдалар.

Бироқ, мухбирлар хабар қилишича, инженер Абдур Раззоқ Хоннинг ҳибсга олиниши кўпчиликни ҳайратлантирган, чунки у бино хавфсизлик талабига жавоб бермаслигини айтиб, бинони текширишга чақирган бўлган.

Бино қулаган 24 апрелдан бир кун олдин бинода ёриқлар пайдо бўлган, маҳаллий хусусий телевидение билан суҳбатда Абдур Раззоқ Хон бино эгасига одамларни кўчириш керак деб огоҳлантирганини айтган.

Охирги тўрт кун ичида бино қолдиқлари орасидан бирорта ҳам тирик инсон топилмаган.

Бироқ ҳодиса саҳнасида кўплаб одамлар ўзларининг яқинларининг суратларини ушлаб кутишмоқда.

Булбула исмли аёл ўзининг қизи ҳақида дарак кутаётганини айтган.

"Қизимнинг оти Малика. Фабриканинг тўртинчи қаватида ишлар эди. Ишга кирганига эндигина уч ой бўлган эди. Қизимдан бирор бир хабар йўқ", деб айтган у.

Бангладеш расмийларининг айтишича, топилган инсонларнинг айрим жасадлари жуда ёмон шикастланган ва бузилган.

Шунинг учун таниб олиш қийин бўлган, эгаси чиқмаган жасадлар дафн этилган.

Қутқарувчилар яна қанча одам бедарак кетгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишган.

Чунки фабрикалар эгалари аниқ рақамни беришмаган.

Ушбу ҳалокат туфайли Бангладешдаги кийим-кечак фабрикалари ёпиб қўйилган эди.

2 май куни корхоналар ўз фаолиятини қайта бошлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ