Рамзан Қодиров: 'Чеченистонга марҳамат қилинг'

Image caption Чечен президентининг баён қилишича, Чеченистон Британиядан кўра хавфсизроқдир

Чечен президентининг баён қилишича, Чеченистон Британиядан кўра хавфсизроқдир.

Рамзан Қодиров ўзининг бу каби чиқиши билан Британия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига муносабат билдирган.

Вазирлик ўз фуқароларига Чеченистонга бормасликларини тавсия қилганди.

"Британия Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Қофқозга бормасликни маслаҳат берибди. Мен бутун жавобгарликни ўз бўйнимга олиб айтаманки, Чеченистондаги вазият Англиядан кўра хавфсизроқдир. Чеченистонга марҳамат қилинг!", деб баён қилган чечен раҳбари бугунги твитида.

Кеча жума куни Британия Ташқи ишлар вазирлиги қироллик фуқароларига террорчилик хавфи юқори бўлгани учун Чеченистон қатори яна Доғистон, Ингушетия ва Россиянинг қатор минтақаларига умуман қадам босмасликларини тавсия қилганди.

Аммо...

Image caption Мухбирлар эса, шимолий Қофқознинг бошқа минтақаларида ҳам исломий жангарилар фаоллашгани кузатилаётганини айтадилар

Чечен расмийлари баёнотларига қарамасдан, республикада портлашлар, ҳукумат кучлари ва бўлгинчилар ўртасида қуролли тўқнашувлар, одам ўғирлашлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини ўлдириш ҳоллари ҳануз юз бериб турибди.

Мухбирларнинг ёзишларича, мавжуд вазият Чеченистон ҳамон барқарор эмаслигидан далолат беради.

2010 йил баҳорида Москва Чеченистонда бўлгинчилар устидан тўла ғалабага эришганларини эълон қилганди.

Кремл танқидчиларига кўра, Рамзан Қодиров Чеченистонда қаттиққўл сиёсат юрғизади.

Хусусан, ҳуқуқ фаоллари фикрларича, республикада инсон ҳуқуқларини поймол этиш, мухолифат кучларини қамоққа олиш ва ҳатто, ўлдириш ҳоллари кенг тарқалган.

Ўз навбатида, Рамзан Қодиров тарафдорлари икки урушдан вайрон бўлган Чеченистонда сўнгги йилларда янги уй-жойлар, мактаблар қад кўтараётгани, фабрика ва йўллар қурилганини таъкидлашади.

Мухбирлар эса, шимолий Қофқознинг бошқа минтақаларида ҳам исломий жангарилар фаоллашгани кузатилаётганини айтадилар.

Рамзан Қодиров Чеченистон президенти бўлган отаси Аҳмад Ҳожи Қодировнинг 2004 йилда пойтахт Грознийда уюштирилган портлашда қурбон бўлиши ортидан қудратга келган.

У ҳам отаси сингари 90-йиллар бошларида Россия қўшинларига қарши жанг қилган.

Чеченистоннинг амалдаги президенти Шимолий Қофқознинг энг қудратли сиёсатчиларидан бири ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ