Исроил Суриядаги нишонларга яна "ракета отди"

Сурияга кўра, Дамашқ яқинидаги тадқиқот марказига Исроил ракеталари келиб тушган.

Гувоҳлар Жамрая иншооти яқинида йирик портлашлар овозлари қулоққа чалинганини айтишган. Ғарб расмийлари ушбу марказда кимёвий қуроллар бўйича тадқиқотлар олиб борилганига ишонадилар.

Маҳаллий аҳоли сўнгги ҳужумлар ўта кучли бўлганини қайд этишган.

"Ўтган икки йил ичида биз Сурияда турли ҳужум ва портлашларга кўникиб қолдик. Лекин, бу сафаргиси жуда бошқача гумбурлади. Бунақасини эшитмаган эдик. Биласизми, ҳеч ким бирон жойдан ракета учиб келганини ҳам кўргани йўқ. Худди йўқ ердан нимадир портлагандек бўлди", - деб айтган дамашқликлардан бири.

Маҳаллий одамларнинг Би-би-сига айтишларича, ўша атрофда жойлашган ҳарбий нуқталар ҳам ҳужумга тутилган.

Исроил радиоси ҳужумни тасдиқлаган юқори мартабали расмийдан иқтибос келтирган ва манбаълар нишон Ливандаги Ҳизбуллоҳ жангариларига етказилиши керак бўлган қурол-яроғлар бўлганини айтишган.

Исроил қайта-қайта агар ривожланган қурол-яроғлар минтақадаги жангари гуруҳлар, айниқса, Ҳизбуллоҳга етказилаётганини билиб қолса, қўл қовуштириб турмаслиги ҳақида айтиб келган.

Британия Мудофаа вазири Филип Ҳаммонд айтишича эса, бундай ҳолатда сўнги ҳужумлар Исроил сиёсатига мосдир.

"Исроил ҳар вақт: агар Ҳизбуллоҳ тарафга бирон қурол-аслаҳа ташилганини кўриб қолсак, ҳужум қиламиз", дерди. Демак, ҳозирги ҳужумларига ҳам ана шу нуқтаи назардан қараш керак", дейди Британия вазири.

Бу кейинги икки кун ичида Исроил тарафидан дея тахмин этилаётган иккинчи ҳужумдир.

АҚШ ва Исроилнинг номини ошкор қилишни истамаган расмийларига кўра, жума куни қирувчи учоқлар Суриядаги ракеталар ортилган кемани нишонга олган.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Муйрга кўра, Сурия можаросига Исроилнинг аралашуви ўта хатарли ривожланишдир.

Мухбиримизнинг айтишича, Исроил мазкур зиддиятга бош қўшганини кўрсатишни истамайди, бироқ Сурия давлат матбуоти исёнкорлар Исроил билан бирга ишлаётгани борасидаги муждани қайта-қайта таъкидламоқда.

"Исроилнинг янги ҳужуми террорчи гуруҳларнинг руҳини кўтаришга уринишдир", дейилади давлат телевизиони янгиликларида.

Бу мавзуда батафсилроқ