Даккада исломчиларнинг полиция билан тўқнашувида 15 киши ҳалок бўлди

Бангладеш пойтахтида намойишга чиққан исломчиларнинг полиция билан тўқнашуви оқибатида 15 киши ҳалок бўлиб, 60 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Полиция "Ҳефозат-е Исломи" гуруҳи томонидан ташкил қилинган намойишни тарқатиб юбориш учун карахт қилувчи граната ва резина ўқларни ишга солган.

Якшанба куни бошланиб кетган тўқнашувлар тун оша душанба куни ҳам давом этган.

Даккада ўн минглаб исломчилар мамлакатда қатъийроқ диний сиёсат юритилишига даъват қилиб чиққандилар.

Полиция сўзчисига кўра, Дакканинг бизнес маркази назорат остига олинган ва яқин атрофдаги биноларда яшириниб олган исломчилар қидирилмоқда.

Шаҳарнинг жоме масжиди атрофи тош улоқтираётган намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашув марказига айланганди.

Полицияга кўра, намойишчилар ноқоқнунуий равишда йиғилишга давом этганларидан сўнг аралашишга мажбур бўлган. Бунга жавобан намойишчилар тош ва калтакларни ишга солишган.

Якшанба куни намойишчилар Дакканинг асосий йўлларини тўсиб олиб, шаҳарни мамлакатнинг бошқа қисмаридан деярли узиб қўйгандилар.

Бангаладеш матбуотига кўра, "Ҳефозат-е Исломи" гуруҳи пойтахтга намойишчиларни олиб келиш учун 3 минг автобус, юк машинаси ва мини-автобусларни ёллаган. Бошқалар шаҳарга поездларда келганлар.

Намойишчилар "Оллоҳу Акбар", "Динсизлар дорга осилсин", дея шиорларни айтиб, шаҳарнинг олти асосий кўчаси бўйлаб юрганлар.

Ҳудди шу гуруҳ ўтган ойда ҳам Даккада намойиш уюштириб, Исломга шак келтирганларга ўлим жазоси белгиланишини талаб қилганди.

Бангадеш ҳукумати мамлакатни дунёвий демократия тизимига риоя қилишини айтиб, бу талабларни рад этиб келмоқда.

"Ҳефозат-е Исломи" гуруҳи аёл ва эркакларнинг жамоат ерларида ажратилиши ва исломий таълим-тарбиянинг киртилишини хоҳлайди.

Ҳаракатнинг асосий тарафдорлари мамлакат мадрасаларидандир.

Гуруҳнинг аёллар ривожланишига қаратилган миллий дастурга қаршилиги аёллар гуруҳлари ғазабини қўзғатган.

Бош вазир Шайх Ҳасина мамлакатнинг мавжуд қонунлари етарли эканлигини айтиб, ҳар қандай ўзгартиришлар ўринсиз эканлигини билдирган.

Мусулмонлар Бангладеш аҳолисининг тўқсон фоизини ташкил этади. Қолган 10 фоизи ҳиндилардир.